Кампиробод иши. Бишкек шаҳар суди ҳибсдаги 12 фаол ва сиёсатчини ҳибсда қолдирди

187

10 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш иши бўйича ҳибсга олинганларга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан берилган апелляцияларни кўриб чиқди. Бу иш бўйича жами 26 киши ҳибсга олинган.

Натижада суд ҳибсда қолдирганлар:

  • ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова;
  • фаол Улукбек Маматаев;
  • собиқ депутат Асия Сасиқбаева;
  • сиёсатчи Бектур Асанов;
  • сиёсатчи Равшан Жээнбеков;
  • ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сооронқулова;
  • “Бутун Қирғизистон” партиясининг сиёсий кенгаши аъзоси Ақил Айтбаев;
  • «Чиндик» партияси раҳбари Кубаничбек Қадиров;
  • фаол Марат Баязов;
  • фаол Перизат Суранова;
  • сиёсатчи Чингиз Капаров;
  • фаол Эрлан Бекчоро ўғли;
  • «Қирғизистон Бирлашган Демократик Ҳаракати» Кенешбек Дуйшебаев.

Бундан ташқари, суд сиёсатчи Канат Исаев устидан берилган апелляцияни ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, суд уни 23 ноябрга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида ҳибсда сақлашга қарор қилди. Уни 23 октябрда, Исаев Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасига  кирган куннинг эртасига ҳибсга олишган.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилиши танқид қилинганидан кейин ҳибсга олинганлар

23 октябрда сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказилиб, ҳибсга олинди. Ўша куни 22 киши қўлга олинган, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган. Ички ишлар вазирлиги улар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонланиб, ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча ҳибсга олинганларни Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган. Уларнинг фикрича, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланган.

Фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши  бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Текебаев оммавий ҳибсга олишлар бўйича изоҳ берар экан, қўрқитиш ва ҳибсга олиш яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлади.

Президент Садир Жапаровнинг айтишича, ҳибсга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди». Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, улар ҳокимиятга эришиш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда.