Хабар 21:30 да янгиланди
Бишкек шаҳар суди 9 ноябрда оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган фаоллар ва сиёсатчиларга нисбатан эҳтиёт чораси устидан берилган апелляцияни кўриб чиқмоқда. Бу иш бўйича жами 26 киши ҳибсга олинган.
Саккиз маҳбус устидан суд жараёни кун бўйи давом этди. Натижада суд уларни қамоққа олишни қонуний деб топди ва ҳибсда қолдирди:
- МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Журабаева;
- фаол Али Шабдан;
- Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаев;
- фаол Атай Бейшенбек;
- Президентнинг Талас вилоятидаги собиқ мухтор вакили Айбек Бузурманқулов;
- фаол Перизат Суранова;
- Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сооронқулова;
- фаол Таалайбек Мадеминов.
Шаҳар суди ўз қарори билан биринчи инстанция қарорини ўзгаришсиз қолдириб, уларни қамоққа олишни қонуний деб топди. Уларнинг барчаси 20 декабрга қадар Бишкекдаги СИЗО-1да бўлади.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилиши танқид қилинганидан кейин ҳибсга олинганлар
23 октябрда сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказилиб, ҳибсга олинди. Ўша куни 22 киши қўлга олинган, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган. Ички ишлар вазирлиги улар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонланиб, ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча ҳибсга олинганларни Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирган.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган. Уларнинг фикрича, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланган.
Фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.
Текебаев оммавий ҳибсга олишлар бўйича изоҳ берар экан, қўрқитиш ва ҳибсга олиш яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлади.
Президент Садир Жапаровнинг айтишича, ҳибсга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди». Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, улар ҳокимиятга эришиш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда.