Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Сўнгги пайтларда фақат Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев туғилган қишлоқлар обод бўлмоқда», деган танқидларга жавоб берди. Аввалроқ, Темиров Live каналига Жапаров билан Ташиев ҳокимиятга келгандан кейин улар туғилган қишлоқларига ижтимоий объектлар қурула бошлагани ҳақида видео чиққан.
Султанбаев 2020-йилнинг октябрь ойидан 2022-йилнинг 1-октябригача мамлакат ҳудудида янги қурилган бинолар, таъмир ишларига бўлинган пул ва биноларнинг сони бўйича изоҳ берди.
Унинг айтишича, бюджетдан бўлинган 6 миллиард 172,1 миллион сомга 193 бинонинг қурилиши ва таъмир ишлари амалга оширилган.
- 99 та мактаб;
- 25 та болалар боғчаси;
- 16 та соғлиқни сақлаш муассасаси;
- 6 та маданий объект;
- 5 та спорт мажмуаси;
- 30 та сув таъминоти объекти (аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун);
- 2 та турли объектлар (маъмурий бинолар, стационар транспорт назорати пункти ва бошқалар).
Минтақа бўйича:
- Чуй вилояти - 22 та объект;
- Боткен вилояти – 46 та;
- Жалолобод вилоятида – 27 та;
- Иссиқкўл вилоятида – 18 та объект;
- Норин вилоятида – 18 та;
- Ўш вилояти - 47 та объект;
- Талас вилояти — 15 та объект.
Шунингдек, Давлат қурилиш бошқармасининг маълумотига кўра, икки йил давомида бошқа молиялаштириш манбалари (хайрия жамғармалари, ҳудудларни ривожлантириш жамғармалари, донорлик жамғармалари) ҳисобидан 130 та ижтимоий объект қурилган.
Президент админстрацияси бундай ҳисобот билан биринчи марта чиқаётгани йўқ. Аввалроқ расмийлар 2020 йилнинг октябридан 2022 йилнинг 1 апрелигача бўлган давр ҳақида ҳисобот бериб, бузиб ташланган «Иссиқкўл» меҳмонхонаси ўрнида президент маъмурияти учун янги бино қуриш режалари ҳақидаги танқидларга жавобан хабар берган эди.
Сўнгра бюджет маблағлари ҳисобидан 159 та ижтимоий объект, жумладан, 68 та мактаб қурилгани маълум қилинди. Бироқ «Клооп» ва «Школа данных» президент бу даврда қурилган мактаблар сонини юмшоқроқ айтганда, бўрттириб кўрсатганини аниқлаган.
Маълум бўлишича, 68 та мактабдан 18 таси умуман янги мактаб биноси бўлмаган. Улардан 10 таси мавжуд мактабларга қўшимча бинолар, еттитаси фаолият кўрсатаётган таълим муассасаларидаги янги спорт залларидир. «Янги мактаблар» рўйхатига битта қозонхона ҳам киритилган.