ИИВ ва МХДҚнинг раҳбарлари ҳуқуқ-тартибот идоралари сиёсатдан ташқарида, деб айтишни яхши кўрадилар. Шунга қарамай, Қирғизистонда куч органлари ҳар бир президентнинг даврида сиёсат қозонида қайнаб келди. Бироқ президентлар ва уларга хизмат қилган генералларнинг тақдири доим ҳам бир хил бўлмаган. Хавфсизлик кучларининг бошлиқлари таъқиб қилиниб, калтакланиб ёки қамалган бўлса, ҳокимиятдан қўл ювган президентлар, Атамбаевдан бошқаси соғ, ҳамёни тўла ва озодликда.
Мустақилликка эришгандан бери Қирғизистонда икки марта давлат тўнтариши бўлди, бир марта ҳокимият куч билан алмаштирилди. Бу сиёсий воқеаларнинг сценарийси ва натижалари ҳам ўхшаш эди. Минглаб Қирғизистон фуқаролари коррупцияга, оилавий-клан бошқарувига, сайловлардаги сохталаштиришга ва ўзбошимчаликка қарши митингга чиқишади. Митинг тартибсизликка айланиб, намойишчилар ва куч тузумлари тўқнашади.
Президентлар армия ва милициянинг ёрдами билан ўз ҳокимиятини охиригача сақлаб қолишга интилади. Шундан сўнг, ўзлари тахтини ташлаб қочиб, ҳуқуқ-тартибот идораларини эса ғазабланган омманинг, қасоскор сиёсий рақибларнинг тепкиси остида қолдиришади. Улар, ўз навбатида, генералларни ҳибсга олиб, қамалмаганини бир қатор муаммоларга гирифтор қилади
«Клооп» Қирғизистоннинг собиқ лидерлари ва уларга хизмат қилган ҳимоячиларининг тақдирига назар солди *
*Биз юқори мартабаларда ишлаган куч ходимлари оиласининг бойлигини ҳисобга олмадик - бу алоҳида, тадқиқот мавзуси.
Акаев Рубльёвкада, генералнинг яраси битгани йўқ
Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев мамлакатни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган. Одамлар ўша вақтни коррупция ва оммавий ишсизлик билан эслашади. Ҳокимиятни узурпация қилган ҳукмрон кланга қарши норозиликлар тобора кучайиб борган.
Акаев бошқарган 15 йил ичида Конституцияга кўп марта ўзгартиришлар киритиб, ҳар сафар президентнинг ҳокимиятини мустаҳкамлаб турган. Ўзи эса Конституциянинг талабига қарамай уч муддатга сайланган.
Асқар Акаев даврида мамлакатдаги энг йирик ҳисобланган Қумтор конини ишлатган Канаданинг Centerra Gold ишхонасидаги давлатнинг улуши 67 фоиздан 16 фоизга камайган. 2021 йили «Қумтор»нинг фаолиятини текширган комиссия Акаевнинг оиласи бунинг учун катта миқдорда пул ва акция турида пора олганини аниқлаган. 2002 йили Акаев Узўнгу-Куш дарасидаги ерларни Хитойга бергани учун ўша вақтдаги депутат Азимбек Бекназаров ҳамкасбларини президентга импичмент эълон қилишга ундаган. Натижада у ҳибсга олиниб, Аксининг аҳолиси Бекназаровни озод этиш талаби билан митинг ўтказган. Бироқ милиция тўпланганларга қарата ўқ узиб, бир киши ҳалок бўлган. Яна 30 нафардан ортиқ киши жароҳатланган.
Шунга қарамай, 2005 йилги парламент сайловларида мандатларнинг 90 фоизи ҳукмрон ва нейтрал партияларга берилди. Акаевнинг фарзандлари Бермет ва Айдар Жогорку Кенеш депутати этиб сайланди. Унинг рафиқаси Майрам Акаева «Қирғизистон аёллар партияси» ва «Мээрим» жамғармасини бошқарган. 2005 йилда жамғарма ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Улар молиявий қонунбузарликларда айбланган.
Акаев 2005 йилнинг 24 мартида «Лола инқилоби» даврида тахтдан қулаган. Бишкекнинг марказий майдонида намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувдан сўнг Оқ уйга бостириб кирилиб, президент оиласи билан Қозоғистонга қочиб кетган.
Ҳозир Акаев Россия Олий Иқтисодиёт мактабида ўқитувчи. Унга Москва чеккасидаги нуфузли Рубльёвка ҳудудидаги давлат дачасидан жой ажратилган. «Проект» нашрининг ёзишича, Акаевнинг тўнғич ўғли Айдар Рубльёвкада 63 миллион рубллик ер участкасига эга.
Акаев ҳукумат комиссияси унга тегишли мулкни излаб топмаганини айтиб, Қумтор учун пора олганини рад этиб келади. У ўз ватанида аввалгидек таъқиб остида эмас: 2021 йилда биринчи президент Қирғизистонга келиб кетган. Ўшанда ҳукуматга «Қумторни халққа қайтаришда» ёрдам бераётгани айтилган.
Чотбоев ҳали ҳам даволанмоқда
Президент Акаевнинг содиқ ҳимоячиларидан бири Миллий гвардиянинг биринчи қўмондони Абдигул Чотбаевдир. Чотбаев бу лавозимга 1992 йили Акаевнинг таклифи билан келиб, у тахтдан қулагунига қадар хизмат қилган.
2005 йили Ўш ва Жалолобод шаҳарларида Акаевга қарши митинглар бўлиб ўтган. Натижада, 22-март куни Бишкекда ҳукумат тарафдорларининг митинги бўлиб, унда сўзга чиққан Чотбаев намойиш ташкилотчиларини хорижий агентлар деб атаган. Икки кундан кейин, 24 мартда намойишчилар Оқ уйнинг олдида Чотбаевни калтаклашган. Кейинроқ Чотбаев қовурғаси синиб, бошидан жароҳат олганини айтган.
Акаев тахтдан қулаганидан сўнг генерал Чотбоев ишдан бўшатилган. У «ўз лавозимига тўлиқ мос келмаслик»да айбланган. Ҳозирда Чотбоев нафақада ва оммавий ахборот воситаларида ҳарбий мавзулар бўйича мутахассис сифатида чиқмоқда.
«Клооп» журналистига берган интервьюсида Чотбаев соғлиғига жиддий зарар етказган «Лола инқилоби»ни эслашни ёқтирмаслигини айтди. Генералнинг сўзларига кўра, у ҳозиргача даволанишда давом этмоқда. Бироқ 2005 йилда у намойишчиларга қарата ўқ узмай, қон тўкилишининг олдини олган «Акаевнинг узоқни кўра билишини» таъкидлайди.
У инқилоб даврида ўз хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқ-тартибот ходимларини калтаклаганлар жазоланмаганидан афсусда. Агар шундай муносабат давом этса, тез орада ҳеч ким армияга бормайди, дейди у.
Жанузаков: икки марта калтакланган
Милициянинг генерал-лейтенанти Болот Жанузаковни Акаев режимининг «яширин кардинали» деб аташар эди. Хавфсизлик кенгаши котиби, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари, 2003 йилда эса президент маъмуриятининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган. Россиянинг «Новая газета» нашри президент Акаевга кирган-чиққанларнинг рўйхатини, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини айнан шу Жанузаков белгилайди деб ёзиб чиққан.
«Лола инқилоби»дан кейин Акаев мамлакатни тарк этгач, Жанузаков Оқ уйда ёлғиз қолган. Уни ҳам намойишчилар калтаклаган. 2009 йили, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келганидан сўнг Акаев тарафдори «Кут» мухолифат партиясини бошқара бошлаган. Ўшанда ҳам Жанузаковга ҳужум бўлган. Номаълум шахслар уни уйининг кираверишида уришган ва у ҳушидан кетиб йиқилган.
Айни пайтда Болот Жанузаков қарилик даврини сурмоқда. Баъзан у сиёсий воқеаларни шарҳлаб туради. 2021 йили «Азаттык»нинг «Бийлик (ҳокимият) сирлари» дастурида Аскар Акаевни «ҳақиқий лидер» деб атаган.
Бакиев ҳаёти гуллаб-яшнамоқда, хавфсизлик кучлари эса қувғинда
Қурманбек Бакиевнинг президент бўлиб тайинланиши революциянинг натижаси деб айтилганига қарамай, ундан кейинги воқеалар, Акаев давридаги Ақси воқеаларининг вақтида Қурманбек Бакиевнинг премье-минстр бўлиб тургани ўзгаришларнинг инқилобий характерини шубҳа остига қўяди. Бакиев ҳукмронлигининг беш йили сиёсатчиларнинг буюртма билан ўлдирилиши, мухолифатнинг таъқиб қилиниши, коррупция, авторитаризмнинг ўрнаши ва ошкора оилавий-клан бошқарувининг ўрнатилиши билан ёдда қолди.
Бакиевларнинг ҳокимияти 2010 йилнинг 7 апрелидаги инқилобида қулаган. «Намойишчилар милицияни тарқатиб юборгандан кейин, Оқ уйнинг биносига яқинлашиб келиб, деворни буза бошлашди», деб ёзади АКИпресс ўша воқеалар ҳақида. — Тўсиқнинг тешигидан байроқ кўтарган 10-15 киши кириб келди – бир неча сония ичида уларга снайпернинг ўқи тегди. Булар биринчи бўлиб ҳалок бўлганлар. Кейин улар қира бошлашди. Снайперлар аввалига Оқ уйга яқинлашганларга қарата ўқ уза бошлади, бироқ халқ тарқалмаётганини кўрганда милтиқнинг оғзини панжара атрофида кузатиб турганларга қаратишди».
Апрель инқилобида 87 киши ҳалок бўлиб, 300 киши турли даражада тан жароҳати олган. Мамлакатдан қочиб кетган собиқ президент Қурманбек Бакиев бошчилигидаги 28 кишига нисбатан айблов эълон қилинган. Улар орасида Миллий хавфсзлик давлат қўмитасининг «Альфа» махсус бўлинмаси ва Давлат қўриқлаш хизматининг аскарлари ҳам бор.
Қурманбек Бакиев оиласи билан Беларусга қочиб кетган. Аввалига у «Плавно» деб номланган президент қароргоҳида яшаган, кейин Минскнинг мақбул деб топилган «Дрозди» туманига кўчиб ўтган. 2017 йилда муҳожирликдаги президент «Лебяже» мавзесида уй қургани маълум бўлган эди. 2020 йилда Беларус президенти Александр Лукашенко Қирғизистоннинг собиқ президентига Минск денгизидаги «Заславл-2» қароргоҳи ёнидан умумий майдони 70 гектар бўлган иккита ер участкасини ажратиб берган эди. Бакиев бу ерларга умрбод эгалик қилиши мумкин.
Катта ўғли Марат Белоруссияда бойлар яшайдиган Раубичи қишлоғида яшайди. Кичик ўғли Максим Англиянинг Суррей графлигида 5 миллион долларлик уйга эгалик қилади.
Конгантиев: калтакланган
Молдомуса Конгантиев 2008-2010 йилларда Бакиев даврида Ички ишлар вазирлигини бошқарган. Ўшанда журналистларга ҳужумлар, ўлдиришлар кучайган. Мухолифат Конгантиевни президент девони собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимини яширганликда айблаган.
Апрель инқилоби бошланганда Конгантиев Таласга боради. У мухолифат ўтказган митингни тарқатмоқчи бўлган, бироқ оломон уни ушлаб, шафқатсизларча калтаклаган. Бу воқеадан кейин рафиқаси Конгантиевни Москвага даволаниш учун олиб кетган. Бироқ Муваққат ҳукумат талаби билан Россия ҳукумати уни яна Қирғизистонга қайтарган.
Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари эҳтиётсизлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, бироқ жазо олмаган. Тергов саккиз йил давом этиб, 2019 йилда суд Конгантиевни оқлаган. Мулки ҳибсдан озод қилинган ва эҳтиёт чораси бекор қилинган.
Молдомуса Конгантиев 2022 йилнинг 12 февралида вафот этди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Қамчибек Ташиев собиқ вазирнинг сурати билан бўлишиб, «чарчаган арслонимнинг охирги сурати» деб ёзган.
Суталинов: 20 йилга қамалган
Мурат Суталинов Бакиевлар даврида МХДҚни бошқарган. 2010 йилнинг 7 апрелида у намойишчиларни отишда айбланган. У 2006 йилдан 2010 йилгача – ҳокимият алмашгунига қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бошқарган.
Суталинов намойиш иштирокчиларининг ўлими билан якунланган 7 апрелдаги давлат тўнтаришидан кейин мамлакатни тарк этган. Унга қидирув эълон қилинган. 2011 йилнинг декабрида у кутилмаганда қайтиб келган ва ўзи судга мурожаат қилган. Суд уни мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 20 йилга озодликдан маҳрум қилган.
2019 йилнинг май ойида Суталинов суд залида апрель қурбонларининг оналаридан кечирим сўраган. Бишкек шаҳар суди адвокат ва Жиноят-ижроия хизмати илтимосига биноан Суталиновни муддатидан олдин озод қилган.
Суталиновнинг озодликка чиқарилишига унинг буйрак саратони борлиги, касаллик тўртинчи босқичга етганлиги, паллиатив ёрдамга муҳтожлиги сабаб бўлган. 2022 йилнинг ёзида Суталиновнинг янги сурати эълон қилинган.
Атамбаев қамоқда, куч ходимларини кечиришди
Алмазбек Атамбаев – ҳозирги аҳволи ўз вақтида уни ҳимоя қилган орган ходимларига солиштирганда ёмон ҳолатда қолган ягона давлат раҳбари. Унингбошқаруви ҳам журналистларга, ҳуқуқ ҳимоячиларига ва мухолифат сиёсатчиларига нисбатан тазйиқлари билан ёдда қолган.
Иккинчи муддатга президент бўлишга Атамбаевга қонун йўл қўймас эди. Шунинг учун у президентлик сайловларида ўзининг дўсти Сооронбай Жээнбеков номзодини илгари сурган. Кейинроқ дўстлар орасидан қора мушук ўтиб, Атамбаевнинг собиқ президент мақоми олинган. 2019 йил августида эса суд Атамбаевни криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилгани учун 11 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Атамбаевга қарши жами 11 та жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирги вақтда суд иккита ишни кўриб чиқмоқда: биринчи иш 2019 йилдаги Қўй-Тош воқеалари, Бишкек ИЭМни модернизация қилиш, Терек-Сай конини бошқариш учун лицензия бериш, жиноий даромадларни легаллаштириш ҳамда Қўйтош қишлоғидаги ер участкаларига оид ишлар бор. Иккинчиси, 2010 йил июнь воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши.
Атамбаев ҳозирги вақтда 27-қамоқхонада жазони ўтамоқда. Тарафдорлари собиқ президентнинг соғлиғи тобора ёмонлашиб, ҳаёти хавф остида эканини айтиб келади. Расмийлар буни инкор этиб, «қамоқхонада барча шароитлар муҳайё этилган» дейишмоқда.
Сегизбаев: ўзига таниш муассасанинг маҳкуми
Абдил Сегизбаев 2015-2018 йиллари МХДҚни бошқарган. Унинг номи Атамбаевни танқид қилганларнинг ҳисобини топаман деб, аммо амалга ошмай қолган «Белизгейт» операцияси билан боғлиқ.
2016 йили «Ата Мекен» партиясининг депутатлари Омурбек Текебаев, Аида Салянова ва Алмамбет Шикмаматов Конституцияга Атамбаевнинг ҳокимиятини сақлаб қолиш имконини беручи тузатишларга қарши чиқишган.
Ушбу воқеадан кейин МХДҚ раиси депутатларни «Мегаком» мобил операторининг акцияларига ноқонуний эгалик қилишда айблаган. Халқ вакиллари далилларни «атайлаб тайёрланган ва қўпол» деб атаган ҳолда судга мурожаат қилишган. Суддан ютқазиб қўйиб, бошқа ишлар бўйича ҳам айблов ҳукми тинглатилган.
Мамлакатда ҳокимият алмашиб, Сегизбаев хизматдан кетгандан кейин у айтаётган далиллар МХДҚда йўқ бўлгани аниқланган. 2021 йили 25 январда Сегизбаев «хизмат ваколатини суиистеъмол қилгани учун» ҳибсга олинган. Бундан ташқари, МХДҚнинг собиқ раиси махсус хизматнинг ходимларига уй-жой, қурол-яроғларни ноқонуний берган, давлат яйловларини қурилиш учун ноқонуний ҳусусийлаштиришда айбланган. Шу тариқа Сегизбаев ўзи бошқарган муассасанинг ТИЗОсига тушган.
Суталинов сингари адвокат Сегизбаевнинг саратон касаллиги туфайли озод этилишини сўраган: 2022 йилнинг 24 март куни «Клооп»га берган интервьюсида адвокат Қайсин Абакиров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раисига қалқонсимон без саратони ташхиси қўйилганини айтган. Шу тариқа, 3 апрель куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Абдил Сегизбаевни эҳтиёт чораси сифатида озод қилиб, 4 миллион сом жаримага тортган.
Жээнбеков таътилда, куч ходимлари яшириниб ўтирибди
Сооронбай Жээнбеков мамлакатни 2017 йилдан 2020 йилгача бошқарган. Ўзи президентлик тахтини ўтказиб берган сафдоши Алмазбек Атамбаев билан ўртасидаги зиддиятдан ташқари, парламент сайловининг натижасини президент тарафдори бўлган партиялар фойдасига сохталаштириши билан ҳам ёдда қолган.
Жээнбеков ҳокимият тепасида бўлган уч йил давомида куч органларининг ходимлари икки марта ярадор бўлган – Атамбаевнинг Қўйтошдаги қароргоҳини штурмга олишда ва сайлов натижаларини сохталаштиришга қарши митингда. Сўнгги митингдан сўнг Жээнбеков ўз ихтиёри билан ҳокимиятни Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тандемига топшириб, истеъфога чиққан.
Сооронбай Жеэнбеков ҳокимиятни тарк этгач, у собиқ президент мақомини олди. Бу мақом нақд пул нафақасини, бепул телефон алоқасини, тиббий ёрдамни, давлат хавфсизлигини ва бутун умри учун давлат томонидан тақдим этилган дачани кафолатлайди. Унинг оила аъзолари ҳам бундай имтиёзлардан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Жээнбеков президент ваколатларини амалга ошириш вақтидаги амалдаги ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиши ёки маъмурий жазо олиши мумкин эмас. Уни тинтув қилиш ёки сўроқ қилиш мумкин эмас.
Дахлсизлик унинг барча мулкига, жумладан Жээнбеков умрининг охиригача текин фойдаланадиган транспортига ҳам тегишли. Агар у вафот этса, давлат унинг оиласига ҳар ой Жээнбековнинг олти баробар пенсияси миқдорида пул тўлаши керак.
Собиқ президентнинг сиёсат билан шуғулланиши ва давлат мансабини эгаллаши ман этилади – агар бу шарт бузилса, у умрбод бериладиган моддий ёрдамдан маҳрум бўлади. Бироқ Жээнбеков амалдаги президент Садир Жапаров иштирокидаги расмий тадбирларда қатнашиб келади.
Қурманқуловнинг дори-дармони учун пул керак
Атамбаевнинг уйини штурмга олишда 175 киши жабрланган. МХДҚнинг «Альфа» махсус тайёргарликдаги бўлинмасининг командир ўринбосари Усон Ниязбеков ҳалок бўлиб, ўша пайтдаги Чуй ВИИБнинг бошлиғи Самат Қурманқуловнинг бошига тош теккан. Комага тушиб қолган Қурманқулов 40 кундан кейингина кўзини очган. Кейинчалик у «Жасорат» медали билан тақдирланиб, генерал-майор унвонини олган.
Қурманқулов ҳозирда соғлиғи бўйича нафақада ва ўзи ҳаракатлана олмайди. 2022 йилнинг март ойида «Спутник» нашрига берган интервьюсида у генерал формаси унинг кайфиятини кўтаришини айтган.
Бироқ президентни ҳимоя қилган Қурманқуловнинг нафақасини Жээнбековникига тенглаштириб бўлмайди. 1 ноябрь куни милиция куни арафасида Ютубдаги «Алдаба» каналида Чуй ИИБ собиқ бошлиғининг давлатдан ёрдам сўраган видеоси эълон қилинди. Қурманқуловнинг айтишича, 21 минг сом нафақа ҳатто дори-дармонига ҳам етмайди. Видео тарқалгач, ижтимоий тармоқларда Қурманқуловнинг даволаниши учун маблағ йиғила бошланди.
Опумбаев ва Жунушалиев: бедарак йўқолганлар
2020-йилнинг 5-6-октябрида Бишкекда парламент сайловларининг натижаларига қарши норозилик билдирганларни тарқатишга ҳаракат қилишган. Милиция резина ўқларни ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган бўлса, оломон эса орган ходимларига тош отган. 19 ёшли Умутбек Олтинбек ўғли тутунли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, октябрь воқеаларида 1247 киши жабрланиб, уларнинг 287 нафари касалхонага ётқизилган. 30 га яқин одам кўзидан жароҳат олиб, уларнинг саккиз нафари кўриш имкониятидан қисман ажраган.
Бу учун Миллий хавфсизлик қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Орозбек Опумбаев билан ички ишлар вазири Қашқар Жунушалиев жавоб бериши керак эди, бироқ Жээнбековнинг истеъфосидан кейин улар ғойиб бўлган. Боткен вилояти аҳолиси билан учрашувда янги президент Садир Жапаров генераллар қидирилаётганини айтиб ишонтирган. Бироқ улар сўроққа ҳам чақирилмаган, қидирув ҳам эълон қилинмаган.
2022-йилнинг 9 февралида бош прокурор Қурманқул Зулушев «собиқ вазирларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани йўқ», деб билдирган. Генераллар ҳозир қаерда экани номаълум. Жээнбековнинг ҳокимиятини ҳимоя қилган икки генерал бекиниб ўтирганини ўзи улар йўқ деганда психологик томондан ноқулай аҳволда эканидан далолат беради.