Бишкекда маҳаллий кенгашлар қурултойи бўлиб ўтди

298

Бишкекда маҳаллий кенгашлар қурултойи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бишкек мэриясидан хабар берилди.

Иштирокчилар халқ қурултойида қатнашиш учун Бишкекдан 800 нафар делегат сайладилар, улар туманлар аҳолисини ҳисобга олган ҳолда қуйидагича тақсимланди:

  • Ленин тумани - 203 делегат (278 минг 500 нафар аҳоли);
  • Октябрь тумани - 228 делегат (313 минг 200 нафар аҳоли);
  • Биринчи май тумани - 164 делегат (225 минг 300 нафар аҳоли);
  • Свердловск тумани - 205 делегат (281 минг 400 аҳоли).

Маълум қилинишича, 1-2 ноябрь кунлари Бишкек маҳаллий ҳамжамиятининг қурултойида овоз бериш масалаларини дастлабки муҳокама қилиш учун Бишкекнинг барча туманларида делегатларнинг йиғилиши бўлиб ўтган.

16 август куни Садир Жапаров 25 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган «Халқ қурултойини чақириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

«Халқ қурултойи» ҳақидаги қонун лойиҳаси

Президент халқ қурултойи тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирган. Жапаров қурултой ҳақида биринчи марта 2020 йилнинг 10-октябрида парламент унинг номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлаганида гапирган эди.

Кейин Жапаров ўз тасаввуридаги янги Конституцияда «президент ва қурултой тизими бўлади, лекин бош вазир бўлмаслигини» айтган.

Сўнгра  президент халқаро телеканалга берган интервьюсида, қурултой президент ва парламент йилига бир марта ҳисобот берадиган орган бўлишини айтган. Шу билан бирга, Жапаровнинг қўшимча қилишича, агар қурултой мансабдор шахслар ишини қониқарсиз деб топса, ишдан бўшатиши мумкин.

«Қурултой тўғрисида»ги қонун лойиҳасида Қирғизистонда маҳаллий жамоалар ва халқ қурултойлари бўлиши айтилган.

Ҳужжатда, шунингдек, маҳаллий ҳамжамият, қишлоқ туманлари, шаҳарлар, туманлар, вилоятлар, Бишкек ва Ўш шаҳарлари маҳаллий ҳамжамиятлари вакилларининг қурултойларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилган. Маҳаллий ҳамжамият қурултойларини ўтказишни ташкилий ва бошқа жиҳатдан таъминлаш эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юкланган.

Халқ қурултойини ўтказиш давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади, қурултойни ўтказишни таъминлаш эса президент админстрацияси томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, халқ қурултойи ўз қонун лойиҳаларини илгари суриш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда бундай ҳуқуққа Президент, Парламент ва Вазирлар Маҳкамаси эга.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, қурултой президентга Вазирлар Маҳкамасининг айрим аъзолари ва бошқа мансабдор шахсларни ишдан бўшатиш таклифини киритиши мумкинлиги ҳам қайд этилган. Шунингдек, халқ қурултойининг қарорлари маслаҳат ва тавсия характерига эга эканлиги қайд этилган. Шу билан бирга, қурултой қарори президент, парламент ёки бошқа маҳаллий органлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.