Милиция ходимлари қизни мажбуран турмушга чиқариш мақсадида ўғирлаганликда гумон қилинган икки нафар шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Бишкекнинг Октябрь тумани ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўғирлаш 21 октябрда содир бўлган. Қизнинг ўзи тегишли ариза билан милицияга мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат ЙҲХБда рўйхатга олиниб, «Никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Милиция ходимлари 27 ёшли икки эркакни қўлга олган. Улар икки ой муддатга Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирилди.
Қирғизистонда аёллар ва қизларнинг ўғирланиши
Қирғизистонда қизларнинг ўғирланиши жамиятда бир неча йиллардан бери муҳокама қилинаётган жиддий муаммодир. Аксарият ҳолларда қизлар мажбуран турмуш қуриш мақсадида ўғирланади.
Амалдаги қонунларга кўра, никоҳ мақсадида одам ўғирлаш 5 йилдан 7 йилу 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаганларни никоҳга олиш ёки унинг иродасига қарши турмуш қуриш учун ўғирлаш - 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2021 йилда аёлларни ўғирлаш ва мажбуран никоҳдан ўтказиш билан боғлиқ 560 та ҳолат қайд этилган. Бироқ одам ўғирлаш ҳолатлари кўпинча судгача етиб бормайди ва қонунбузарлар белгиланган жазони олмайдилар.
Тажовузкорларнинг жазосиз қолиши ўғирланган қизнинг ўлими билан тугаган ҳолатлар бор.
2021-йили марҳум Айзада Канатбекованинг тақдири фожеали тугаган. Айзадани Замирбек Тенизбаев исмли фуқаро ўғирлаб қочиб, зўрлаб, қизни ўлдириб, кейин ўз жонига ҳам қасд қилган. Воқеа жамоатчликда резонанс яратгани сабаб, Тенизбаевга қизни ўғирлашга ёрдам берганлар реал жазосини олиб, озодликдан ажратилган. Аммо қизни ўлимининг олдини олмаган милиция ходимлари тегишли жазосини олишгани йўқ.
Шу каби воқеа 2018 йили май ойида содир бўлган. Ўшанда 19 ёшли Бурулай Турдали қизини ўғирлаб кетган шахс уни милиция бўлимида ўлдирган. Гумонланувчи уни мажбуран турмуш қуриш мақсадида ўғирлаб кетган. Аммо улар қўлга олиниб, бўлимга олиб келинганидан сўнг, у уни пичоқ билан ўлдирган ва ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.