Швейцария қуролли тўқнашувда жабрланган баткенликларга 450 минг доллар ажратади

248

2022-йилнинг сентябрида қуролли тўқнашувда жабрланган баткенликлар Швейцариянинг ҳукуматидан 450 минг доллар олишади. Бу ҳақда Швейцариянинг Қирғизистондаги элчилигидан билдиришди.

Элчиликдан бу маблаққа БМТнинг Дунё озиқ-овқат дастури жабрланган халққа пул ўтказиш орқали ёрдам кўрсатиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашини айтиб беришди.

Швейцариянинг ҳукуматидан ташқари бунга қадар Япониянинг ҳукумати қирғиз-тожик чегарасидаги жанжал сабаб Қирғизистондаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашиши сабаб 1 млн доллар миқдорида грант ажратган.

Ҳукуматнинг жабрланганларга ёрдам бериш ваъдаси

Аввалроқ Вазирлар маҳкамаси қуролли тўқнашув вақтида қурбон бўлган фуқароларнинг оилаларига 1 млн сом миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш топшириғини берган. Жабрланган фуқароларга, соғлиғига келтирилган зарарнинг даражасига кўра суд-тиббий экспертизанинг хулосаси бўлса 100дан 200 минг сомгача тўлаб берилади.

Бундан ташқари, 22-сентябрда президент Садир Жапаров совуқ тушгунга қадар қисқа вақтда зиён кўрган уйларни қайта тиклашни, тўлиғи билан вайрон бўлган уйларнинг ўрнига эса янгиларини қуришни топширган.

Аммо баткенликлар ҳукумат бугунгача уларнинг уйларини тиклаб бермаганини ва ваъда қилинган ҳеч бир моддий ёрдам кўрсатилмаганини айтиб норози бўлишмоқда.

«Ҳозирда картаси йўқлар банкдан карта очиб, реквизитларнинг нусхасини бердик, “пул ўтказилади” деди. Сентябрнинг 20ларида текширувга келиб кетишган, ўшандан бери хабар йўқ. Озиқ-овқатни ўзимиз сотиб оляпмиз. Халқдан келган ёрдамдан ун, картошка, шакар берилган. Ҳозир ун қолди холос. Ҳозирча давлатдан ёрдам йўқ, халқдангина келган», — деган Жаштиқ қишлоғининг турғуни Медербек Тагаев.

Ҳукумат ўзи ҳам баткенликларнинг уйлари секин қурилаётганини тан олган. 30-октябрда вазирлар маҳкамасининг етакчиси Акилбек Жапаров Баткен вилоятига бўлиш учун режалаштирилган 6-8 млрд сомнинг 4,1 млрд сомигина давлат ҳисобига келиб тушганини билдирган.

Баткенликларга ёрдам учун маҳсус ҳисоблар ҳам очилган. Молия вазирлигининг маълумотига кўра, 3-ноябрга кўра у ҳисобга 331 млн 367 минг сом тўпланган. Унинг 139 млн 552 минг соми сарфланган. Маблағ уйлари куйиб кетган жабрланган фуқароларга бир марталик берилувчи компенсация қатори тарқатилган.

63 кишининг ҳаётига зомин бўлган 14-17-сентябрдаги жанжал оқибатида Баткенда жами 661 уй зарар кўрган. Дастлабки маълумотлар бўйича, Қирғизистонга келтирилган моддий зарарнинг миқдори тахминан 1,5 млрд сомни ташкил қилган.