«Путиннинг тарғиботчиси». Фаол Токтонасиров Киркоровнинг концертига қарши акцияга чиқди

234

Жамоатчи фаол Ондуруш Токтонасиров 3-ноябрда Бишкек шаҳридаги Кожомкул номидаги спорт саройининг ёнида норозилик акциясига чиқди. У рус қўшиқчиси Филипп Киркоровнинг концерти ўтказилаётганидан норози эканини айтди.

Жамоатчи фаол Ондуруш Сурат: Дилде Шатанова/Kloop

«Февраль ойидан бошлаб, Путлернинг [Владимир Путин] касофатидан бугунгача қанчалаган шаҳарлар [вайрон бўлиб], қанчалаган одамлар ногирон бўлиб ўлишмоқда. Бу Кремлнинг қўшиқчиси, ҳам Путиннинг тарғиботчиси. Биз эса бу ерда унга қарсак чалиб, ҳатто аэропортдан бўғирсоқ, нон билан кутиб олишди.Уят!» — деди Токтонасиров.

Унинг айтишича, санъат одамларни «инсонпарвар бўлиши» кераклигини айтиб, уюштирувчиларга норозилигини билдирди.

«Урушга қарши чиқиб, тинчликни мадҳ қилса, мен уни ўзим ҳам қўшилиб кутиб олган бўлардим. Шундай одамни Қирғизистонга концертга чақирган продюсерга, шу ишга ёрдамлашган бизнинг расмий амалдорларга норозлигимни билдираман», — деб таъкидлади фаол.

Милиция ходимлари эса «жамоат тартибини бузаётганини» айтиб, норозилик акциясини Горький номидаги паркда давом этишини талаб қилди. Фаол «конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, қарши фикрини бинонинг ташқарисида айтиб турганини» таъкидлади.

Филипп Киркоров рус  армияси 24-февралда Украинага бостириб киргандан кейин Россиядан кетмаган саноқли артистлардан бири. У уруш бошлангандан кейин бир неча бор концерт ўтказган.

Киркоров Владимир Путинни қўллаган «Кучли президент — кучли Россия» деб аталган митинг-концертда нутқ қилган. Шунингдек, «РБК» нашрининг маълумоти бўйича, 2022-йилнинг апрель ойида Путин қўшиқчи Киркоровни 55 ёши билан табриклаган.

Токтонасировнинг россиялик қўшиқчиларга норозилиги

5-сентябрда Ондуруш Токтонасиров ва яна икки фаол Маданият вазирлигининг олдида Кремлни қўллаган қўшиқчиларнинг Қирғизистонга келишига қарши митингга чиқишган.

Ўшанда 30-августдаги президент иштирокидаги футбол матчига «Город 312» гуруҳининг расмий чақирилишини танқид қилишган. Ўша вақтдаги Маданият вазири Азамат Жаманкулов эса мусиқачиларни жисмоний шахслар таклиф қилганини айтган.

Митингга тўпланганлар «Урушга йўл йўқ», «Агрессор қўшиқчилар келмасин, йўл ёпиқ» деган ёзувлар билан туришган.