Журналистларнинг оилавий фармбизнес бўйича текшируви: Прокуратура текширув ўтказади

271

Прокуратура журналистларнинг оилавий фармбизнес ҳақида қилган суриштирувидаги фактлар бўйича текширув олиб боради. Бу ҳақда «Клооп»га Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан билдиришди.

«Прокуратура органлари текширув олиб боради», — деб изоҳ беришди назорат органидан.

Аввалроқ, мустақил журналистлар Дори-дармон ва тиббий техникалар департаментининг етакчиси Нурдин Кагаздиевнинг яқинлари вақти-вақти билан миллионлаган сомлик тиббий тендерларни ютиб олишаётгани, айрим ҳолларда бир-бири билан ўзаро рақобатлашиб ҳам қўйишлари ҳақида суриштирув эълон қилишган.

Журналистлар минглаган тендерларни ўрганиб чиқиб, олти ярим йилдан бери Дори-дармон ва тиббий техника департаментининг бошчиси Нурдин Кагаздиевнинг яқинларига тегишли компаниялар 350 миллион сомдан ортиқ маблағдаги тиббий тендерларни ютиб келишганини аниқлашган.

Ютиб олинган тендерларнинг умумий сонининг ичидан 7 миллион сомлик битимларни экспертлар «қалбаки рақобат» деб ҳисоблашади. 130 миллион сомдан ортиқ давлат харидларида эса сотувчи билан харидор муассасанинг ўртасида манфаатлар тўқнашувининг белгилари мавжуд.

Жами бўлиб журналистлар Кагаздиевнинг турли қариндошларига, жумладан отаси, опаси, акаси, янгаси ва турмуш ўртоғининг опаси бошқарган ёки эгалик қилган олти компанияни топишди.

Кагаздиевнинг айтишича, яқинларининг тендерларда ғолиб бўлишига ҳеч қандай таъсири йўқ, оиласи эса кўпдан бери дори-дармон тадбиркорлиги билан шуғулланиб келган. У ҳозир уларнинг бизнеси яхши юрмаётганини қўшимча қилади.

«Мана қаранглар, отам 1993-йили Таласда фирма очган, мен алдамайман. Отам, товар ташиб юрганда мен кичкина ёшда эдим, унга ёрдам берар эдим. Мен уйнинг ёлғиз ўғлиман. Улар мен учун ҳаммасини қилишди. Аввал яхши ишлашар эди. Ҳозир уларда амалда ҳеч қандай иш йўқ, рақобат кўп. Икки-уч дорихона қолди, яқинда ёпилади», — деб изоҳ берган у.