Осиё тараққиёт банки озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимояга 50 млн доллар беради

285

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қирғизистон вазирлар маҳкамасига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун 50 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда 1 ноябрь куни баннинг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ОТБнинг «Фаол антицикл харажатлар орқали барқарорликни ошириш» (BRACE) дастури Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кўпайтириш, ижтимоий ҳимоя тармоғини кенгайтириш, иш ўринларини, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган инқирозга қарши чора-тадбирлар режасини молиялаштиради.

«Мамлакатда фискал соҳа чекланган бир пайтда ушбу дастурнинг тасдиқланганидан мамнунмиз. Дастур ҳукуматга инфляциянинг салбий таъсирини юмшатиш, нархлар барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари орасида қашшоқликнинг чуқурлашишининг олдини олишга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Таъкидланишича, ажратилган 50 миллион долларнинг ярми грант, қолгани эса кредит бўлади. Шунингдек, ОТБ Вазирлар Маҳкамасига «ҳукумат дастурни амалга ошириш бўйича салоҳиятини ошириш, ҳамда мониторинг ва баҳолаш тизимини мустаҳкамлаш учун» 400 000 АҚШ доллари миқдорида техник ёрдам беради.

ОТБ BRACE дастури Қирғизистонда 1 миллиондан ортиқ одамга, жумладан даромади кам, катта ёшли ва ногиронлиги бор оилаларга ёрдам беришини тушунтирди.

Банкнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон ОТБга 1994 йилда аъзо бўлганидан бери мамлакат 1,3 миллиард доллар кредит, 811 миллион доллар грант ва техник ёрдам лойиҳалар сифатида 69 миллион доллар  олган.

Бюджет ёриғи

Депутат Дастан Бекешевнинг айтшича, вазирлар маҳкамаси 2022-йилнинг охирги икки ойида тежамкор режимда ишлайди. У сентябрда Тожикистон билан чегарада жанжал бўлгани сабаб давлат бюджетида «ёриқ» пайдо бўлганини билдирди. Жанжалда Баткен вилоятида турғунларнинг юзлаган уйлари вайрон бўлган. Депутат вазирлар маҳкамаси Баткен вилоятида бошланган барча қурилиш ишларини 2023-йили давом эттиришни ваъда қилганини ҳам қўшимча қилди.

2022 йилда бюджет тақчиллиги 9,1 миллиард сомни ташкил этиши кутилган эди. Бироқ 31 октябрда молия вазири ўринбосари Жибек Дуишеева бюджет тақчиллиги ҳали ҳам 9 миллиард сомни ташкил этишини, бироқ йил охиригача унинг ошиши хавфи борлигини айтган.

Молия вазирлиги, шунингдек, 2023 йилда Қирғизистон бюджети тақчиллиги 21 миллиард 263,2 миллион сомни ташкил этишини кутмоқда. Ўтган йил охирида муассаса 2023 йилда тақчиллик 8,1 миллиард сом бўлишини башорат қилган эди.