Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси Мирзиёевдан келишувга қўл қўйишни кечиктириб туришни илтимос қилди

266

Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистоннинг президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллади. Мурожаат қўмитанинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди.

Хатда қўмита Мирзиёевдан Садир Жапаров билан Кампиробод сув омбори бўйича келишувга «бу стратегик, катта аҳамиятга эга сув ресурсининг атрофидаги баҳсли ва муаммоли масалаларга бир ойдинлик киритилмагунча» қўл қўйишни кейинга жилдириб туришни илтимос қилди.

«Биз сизнинг донолигингиз ва узоқни кўра билишингизга чин дилдан ишонамиз, шу сабабдан тарафларни Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш билан боғлиқ муаммолар ва оқибатларини ҳал қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирамиз […]. Қирғизистон ва Ўзбекистонни умумий тарихий ҳамда қардошлик ришталар бирлаштириб туради, биз бу келишув алоқаларга таъсир қилиб, яқин икки халқ ўртасидаги узоққа чўзилиб кетувчи келишмовчиликларнинг ўчоғи бўлишини истамас эдик», — дейилади қўмита баёнотида.

Шунга қарамай қўмитанинг аъзолари Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ўртасида кўпдан бери кун тартибида турган ва тез орада ҳал қилиниши кутилаётган чегарани делимитациялашнинг баҳсли ҳолатлари бор эканини тушунишларини айтишади. Аммо уларнинг айтишича келишувнинг айрим ҳужжатлари конституцион меъёрларни жиддий бузиш билан илгари сурилмоқда.

Қўмита Кампиробод бўйича масалани муҳокама қилиш ва ҳал қилиш учун Қирғизистоннинг ҳукумати Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа хавфсизлиги ва миграция бўйича тармоқ қўмитасининг фақат иккигина йиғинини ўтказганини билдирди.

«Муҳокама жамоатчиликдан ёпиқ тартибда ўтди, депутатларга тўлиқ маълумот ҳамда ҳужжатлар берилгани йўқ. Кейин ҳужжатлар тўлиқ берилмаганидан Қўмитанинг якуний қарорига қўл қўйишдан бош тортгани учун Қўмита етакчисини хизматдан бўшатишди», — деб билдиришди қўмитадагилар.

Қўмитадагилар «гап икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатлари ҳақида бўлаётгани сабаб халқ ўз ерининг эгаси қатори ҳужжатларнинг ошкор қилинишини талаб қилишга тўла ҳақли эканини» таъкидлашди.

«Қирғиз расмийларининг ноқонуний ва компетенциясиз ҳаракатлари натижасида жамиятнинг очиқ келишув талаби фуқароларни, фаолларни, сиёсатчиларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларни оммавий ҳибсга олинишига, чегарага яқин қишлоқлар аҳолисига таҳдидларга сабаб бўлди. 27 нафар фаол оғир жиноятларда айбланмоқда. Бирига қидирув эълон қилинди. Биз ҳокимиятнинг репрессив ҳаракатларига қатъий қаршимиз ва келгусида янги можаролар юзага келмаслиги учун чегара масалалари жамоатчилик билан муҳокама қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилди қўмита.

Кампиробод сув омбори бўйича келишув

Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказиб бериш — бу чегарани делимитациялаш ҳамда деморкациялаш бўйича комиссияни бошқарган МХДҚнинг етакчиси Қамчибек ташиевнинг ташаббуси.

Депутатлар Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказиб беришга йўл берувчи ҳужжатларни бир неча ҳафтадан бери кўриб чиқиб, муҳокама қилишмоқда.

Мазкур муҳокамаларнинг бари баҳслар билан ўтиб — аввалроқ депутатлар ҳамкасби Чингиз Айдарбековни қўмита раислигидан олишган. У сув омборининг остидаги ерни Ўзбекистонга беришга шарт тузувчи келишувга қарши чиққан.

Умуман олганда, муҳокама қилинган ҳужжатлар сув омбори жойлашган Боткен вилоятида ҳам, жанубий ва шимолий пойтахтлар – Ўш ва Бишкекда ҳам бир қанча митинг ва қурултойларга сабаб бўлди.

Шунингдек ҳукумат 26 кишини оммавий тартибсизларни уюштиришга тайёргарлик кўришда айблаб қўлга олган. Уларнинг бари Садир Жапаров билан Қамчибек Ташиевни сув омборини қўшни давлатга бераётгани учун танқид қилишган.