Энди вазирлар хорижга иш сафарларини вазирлар маҳкамаси билан келишиши керак бўлади

261

Вазирлар, маъмурий идораларнинг ва бошқа давлат органларининг раҳбарлари бундан буён ўзларининг хорижий хизмат сафарларини Вазирлар Маҳкамасининг етакчиси билан, у бўлмаганда эса — Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосарлари билан келишиши керак. Тегишли қарорга Вазирлар Маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров имзолади.

Шу билан бирга, хизмат сафарини келишишда президент маъмуриятининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича тегишли таркибий бўлинмасининг фикри ҳам инобатга олиниши таъкидланади.

Сафар якунига кўра вазирлар, маъмурий идоралар ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари 14 кун ичида Ташқи ишлар вазирлигига сафар якунлари тўғрисида ҳисобот, нусхасини эса президент маъмуриятига тақдим этишлари шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг вакиллари парламентнинг 2022 йилнинг июнидаги йиғилишида. Сурат: Жогорку Кенешнинг сайти.

Вазирлар Маҳкамасининг тушунтиришича, бундай ўзгаришлар «меҳнат ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш, хорижий хизмат сафарларини тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, республика бюджети харажатларини оптималлаштириш мақсадида» киритилмоқда.

Президент Садир Жапаров 3 декабрда «Республика бюджети харажатларини оптималлаштириш, давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган.

Унда давлат раҳбари давлат идораларига уларнинг харажатларини оптималлаштириш бўйича кўрсатмалар берди ва парламентга буни тавсия қилган.

Шунингдек, президент қарори билан ижро ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг бюджет маблағлари ҳисобидан хорижга хизмат сафарига чиқишлари тақиқланган. Хорижга иш сафарига кимлар бора олишини президент ёки  Вазирлар Маҳкамаси  ҳал қилиб келган. Ушбу тақиқнинг аниқ муддати кўрсатилмаган, бироқ 2022 йилнинг тўртинчи чорагида Вазирлар Маҳкамаси давлат органларининг президент фармони ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиши керак.