Маданият вазирлиги мутахассислари 27 октябрда «Азаттык»нинг Бишкекдаги идорасига келиб, медианинг рўйхатдан ўтиш ҳақидаги ҳужжатларини текширувга олди.
«Азаттык»дан хабар қилишганидай, вазирлик ходимлари қайд этиш ҳақидаги ҳужжатларни тўлиқ текшириб, нусхаларини олиб кетишган.
«Бундан ташқари 28 сентябрдан 28 октябргача «Азаттык Медиа» томонидан тайёрланган барча ТВ ва радио материалларни кўчириб беришимизни талаб қилди», — деди маҳкама раҳбари Айзада Касмалиева.
Вазирликдан бунинг «Азаттык» сайтига тўсиқ қўйиш қарорига «алоқаси бор йўқлигини, бундай текширув бошқа ОАВларда ҳам олиб борилаётганини» билдиришди.
«Ушбу текширув бизнинг вазирлик томонидан «Радио ва теле кўрсатув» тўғрисидаги қонун асносида ҳар йили олиб борилаётган тадбирлар асосида бўлмоқда. Унинг «Азаттык» сайтига тўсиқ қўйилишига алоқаси йўқ. Бунгача бундай текширувлар асосида «Любимый», «Семейный» ва бошқа бир қатор телеканаллар эфирлари тўхтатилиб, 5-каналга огоҳлантириш берилган», — деди матбуот котиби Салкин Сарногоева.
26 октябрда Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги «Азаттык» сайтига икки ойга тўсиқ қўйган.
Вазирлик бунга медиада 14—17 сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли можаро ҳақида «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб бўлганини маълум қилди.
Шу билан бирга, «Азаттык»дан бу айбловни рад этиб, «эркин оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилиш қирғиз демократиясига соя солаётганини» таъкидлади.
ОАВга босим кучайгани сабабли Қирғизистон журналистлари 28 октябрь куни бирдамлик акциясини ўтказди. Унга кўра, соат 9:00 дан 12:00 гача ОАВда материаллар чоп этилмаган. Бундан ташқари, улар бир кун давомида давлат органларининг пресс-релизларини нашр этишдан бош тортдилар.
Шунингдек, Қирғизистонда мустақил ОАВи муҳаррирлари ва таъсисчилари сўнгги пайтларда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларига босим кучайганини таъкидлаб, президент Садир Жапаровга мурожаат қилишди.
Улар мамлакат раҳбарига унинг матбуот хизматисиз йиғилиш ўтказишни таклиф қилиб, бир қатор талаблар қўйишди.
Муаллиф: Рустам Турсунбеков