Кампиробод сабабми ёки Боткенми? Ҳукумат «Азаттык»ни нима учун блоклади

4009
«Азаттык» идораси. Сурат: Гулжан Турдубаева / «Азаттык».

26-октябрда Маданият вазирлиги «Азаттык» қирғиз хизмати сайтини икки ойга тўсиб қўйди. Бунга 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашувга оид «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб, дейилган.

Сайтни тўсиб қўйишдан аввал «Азаттык» идораси олдида митинг бўлиб ўтган, ниқоблилар нашрни чегарадаги можарони «нотўғри» тасвирлашда айблашган. Шунингдек айбловларни президент Садир Жапаров Кампирободдаги ёпиқ йиғилишда ҳам айтган.

«Клооп» сўнгги ойда «Азаттык» билан боғлиқ воқеаларни тўплади, бу қандай «маълумот», нега расмийлар ноаниқ деб атаганини аниқлашга ҳаракат қилди.

«Ёпилсин!»

«Азаттык»нинг Бишкекдаги идораси олдида митинг 13 октябрь куни бўлиб ўтди. Аксарияти юзини яширишга уринган 30 га яқин киши мустақил учта ОАВни: «Клооп», Kaktus.Media ва «Азаттык»ни  ёпишни талаб қилди.

Митингда улар «Азаттык»ни «провокацион» ва «Ғарб ташвиқотини тарқатувчи» деб аташган. Шунингдек, улар нашрни «фақат негативни ифодалаш», маълумотни «нотўғри» ва «бирёқлама» беришда айблашган. Митингнинг баъзи иштирокчилари «Азаттык» 14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можарони қандай  бўлса шундайлигича ёритмаган деб ҳам айтишган.

«Азаттык» идораси олдидаги митинг. Сурат: Гулжан Турдубаева /«Азаттык».

Митингдан бир кун олдин депутат Дастан Бекешев ҳамкасби Надира Нарматова «Клооп», «Азаттык» ва Kaktus Media нашрларини ёпиш учун депутатлар имзосини йиғиб президентга мурожаат тайёрлаётганини айтган.

Расмийлар бу ҳаракатларга алоқадорлигини дарҳол рад этди. Надира Нарматова имзо тўплаётганини рад этди, вазирлар маҳкамаси раиси  ўринбосари Эдил Байсалов эса ҳукуматнинг намойишчилар билан алоқаси йўқлигини, ташаббускор эмаслигини айтди.

Кейинроқ президентнинг оммавий ахборот воситаларини ёпишни талаб қилган очиқ хати тарқалди. Мактубга Қирғизистоннинг таниқли шахслари  қўшилиб 70 га яқин шахс имзо чеккан.

Бироқ Bulak.kg ва «Политклиника» нашрлари  мустақил учта ОАВни ёпишни талаб қилиб президентга очиқ хат юборгани айтилаётганлардан етти нафари имзо чекмаганини аниқлади.

Хатни имзолаган 70 кишидан бири мурожаат ташаббускори Нургази Анаркулов— президент девонининг ахборот сиёсати бўлими собиқ мудири эканлигини айтди. У бу лавозимни Садир Жапаров президентликка келганидан кейин 2020-йил октябрь воқеаларидан сўнг, эгаллаган.

2021-йил январида Анаркулов МХДҚ  ходимлари томонидан жуда катта миқдордаги пул ундиришда гумонланиб ҳибсга олинган. Унда Анаркулов тергов тугагунига қадар уй қамоғига олинган. Анаркуловга қарши жиноят иши қандай якунланганини махсус хизмат ошкор қилмади. Bulak.kg’ хабарига кўра, ҳозирда у «Майдан» газетаси бош муҳаррири.

Президентнинг танбеҳи

20-октябрь куни Бишкекдаги Ҳукумат уйида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш масаласига бағишланган давлат раҳбарияти билан жамоатчилик учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашувга ҳукумат Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларининг чегарадош ҳудудларида истиқомат қилувчи фаоллар билан аҳолини чақирган. Улар президент Садир Жапаров билан МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга ўзларини қизиқтирган саволларни беришган.

Муҳокама ёпиқ эшиклар ортида ўтди – журналистларга қатнашишга рухсат берилиб, бироқ барча иштирокчиларнинг телефонлари олиниб, аудио ва видео ёздириш тақиқланган. Фақат қоғозга ёзишга рухсат берилган. Президент бундай форматни йиғилишда «махфий» маълумотлар муҳокама қилиниши билан изоҳлади (ўзи эса планшет ва смартфон билан ўтирган).

Садир Жапаров ва Озод Европа/ Азаттык радиоси президенти Жейми Флая, 2021-йил 14-сентябри. Сурат: президент сайти.

Бу учрашувда Жапаров нафақат Кампиробод масаласини тилга олди, балки қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги можарога ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, «Азаттык»  Қирғизистон Тожикистонга ҳужум қилди деб  ёзиб, бу воқеаларни нотўғри ёритган.

«Қандай қилиб шундай бўлиши мумкин? У ерда ҳам [«Азаттыкда»] қирғиз қизлари билан йигитлари ишлайдику», —деган Жапаров йиғилишда.

Қайси материал ҳақида гапираётганини президент ошкор қилмаган.

Сайтни блоклаш

Қайси материал экани «Азаттык» сайти блокланганидан сўнг маълум бўлди.

Маданият вазирлиги «Ҳозирги вақт» («Настоящее время» телеканалининг («Азаттык радиоси» қошидаги тузилма) видеоматериали ҳақида гап кетаётганини билдирган.

Вазирлик «Ҳозирги вақт» ресурсида “Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида шиддатли жанглар бўлди” деб номланган видеоматериални ва эфирда “провакацияон маънодаги сўзлар ишлатилган, Қирғизистон томонининг Тожикистонга ҳужуми каби ноаниқ маълумотлар, Боткен вилоятида содир бўлган воқеаларни ёритишда жамиятдаги вазиятни кескинлаштириб, фуқаролар ўртасида адоват, камситиш ва бўлинишни келтириб чиқарган маълумотлар аниқланган» деб ҳисоблайди.

«Азаттык»дан эса Маданият вазирлиги тақдим этган материални қайта ўрганиб чиқиб, «ўзларининг ҳеч қандай меъёрлари бузилмаганини аниқлаганини» билдиришган.

Озод Европа/ Азаттык радиоси президенти Жейми Флая « журналистларни қўрқитиш ва эркин оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчиришга уринишлар Қирғизистондаги демократияга соя соладиган авторитар ёндашув» деб таъкидлади.

«Азаттык» —нотижорат, мустақил Озод Европа/ Азаттык радиоси корпорациясининг қирғиз хизмати бўлиб, Қирғизистонда «Азаттык Медиа» идораси деб расмий равишда рўйхатдан ўтган.

Видеолавҳа нима ҳақида эди?

«Ҳозирги вақт» («Настоящяя время») кўрсатуви  бошловчининг икки давлат чегарачилари оғир техникадан ўқ узгани ва аввалги можароларда бўлгани каби икки давлат вазиятнинг кескинлашувда бир-бирини айблаган сўзлари билан бошланган.

«Ҳозирги вақт» («Настоящяя время») кўрсатувидан скриншот.

Икки томондан ҳам ярадор бўлган ва эвакуация қилинган тинч аҳоли ҳақида маълумот бериб, бошловчи Қирғизистон билан Тожикистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини айтган (Камчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовнинг қўл бериб кўришган сурати кўрсатилган). Аммо  отишма қайта бошланди деб фактни таъкидлаган.

Шундан сўнг бошловчи жонли эфирда ҳамкасблари – Душанба шаҳридаги  «Озоди» радиоси муҳаррири Хиромон Бақозода ва Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида жойлашган «Ҳозирги вақт» мухбири Камила Валиева билан боғланган.

Журналистларнинг ҳар бири ўз мамлакатлари расмийлари томонидан можаро ҳақида берилган маълумотлар ҳақида гапирган. Бақозода Тожикистон расмийлари айтганларини, Валиева эса Қирғизистон расмийлари нима деганларини айтган. Кутилганидек, Тожикистон расмийлари отишмани Қирғизистон бошлаганини айтган, Қирғизистон ҳукумати эса отишмада Тожикистон томонини айблаган.

Лавҳа Қирғизистон МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевнинг қирғиз тилида қилган баёноти билан якунланган. Ташиевнинг сўзларига кўра, Тожикистон билан музокаралар чоғида ўт очишни тўхтатиш буйруғи берилган. У фуқароларни ташвишланмасликка чақирган. «Аввал ҳам тўқнашувлар бўлган, энди, ўйлайманки,  икки кун ичида можарони тўхтата оламиз», — дейилади кадрлар ортидаги русча таржимада.

 «Бу ўйлаб топилган баҳона»

«Клооп» медиаэкспертлари Элмира Тоқтогулова ва Гулнура Туралиевадан Маданият вазирлигининг «Азаттык» сайтини блоклашига сабаб бўлган  «Настоящее время»нинг видеолавҳасини таҳлил қилишни сўраб мурожаат қилган.

Токтогулованинг фикрича, бу материалда провакацион сўз йўқ, журналистлар эса низонинг ҳар икки томонининг тенг позициясини тақдим этишган.

«Ушбу материалда ҳар икки давлат ҳукуматининг расмий позицияси берилган - тенг улушда, мувозанатли, бошловчи нейтрал бўлган. “Озоди Радиоси” журналисти бошқа маълумот манбаларини ҳам айтиш билан, уларни қайд этган – тасвирга маҳаллий аҳоли вакиллари олинган, ОАВ— “Рейтер” ва “Азиа Плюс”ни деб кўрсатган. Бироқ тилга олинган манбаларнинг ҳеч бирида “низо тили” қўлланилмаган. Ҳар бир давлат ҳукумати можаронинг бошланиши ва унинг бориши бўйича ўз версияларини илгари суриб, иккинчи томонни айблаб, воқеаларга “уруш, босқинчилик, ҳудудни босиб олиш” ва бошқа таърифларни бериши – ҳар қандай давлатлараро можарога хос хусусиятдир. Ўз томонининг манфаатлари учун баҳслашиш ҳукуматнинг ҳуқуқидир. Жанжаллашган  томонлар ҳар доим ўз далилларини тақдим этиш билан ўзлариникини тўғри деб, қарши томон нотўғри деб ҳисоблайдилар. Бу ОАВ можарони ёритишда фақат бир томоннинг воқеасини шарҳлаб, иккинчи томонни эътиборсиз қолдириши керак дегани-ми? Албатта йўқ», — деди у.

Шунингдек, Гулнура Торалиева ҳам  можароларни ёритишда лавҳа барча халқаро стандартларга мос келишини таъкидлайди.

«Унда ҳеч қандай нафрат ва ёлғон маълумотлар йўқ. Расмий манбаларга асосланган, журналистларнинг холисликни сақлаш, чегарадаги муҳим воқеа ҳақида Марказий Осиё давлатлари фуқароларига маълумот бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари бўлган салмоқли материал. Материал барча манбаларга иқтибос берилган, можарода иштирок этаётган томонлардан бирортасини ҳам қулай позицияда кўрсатмаган, маълумотни манипуляция қилиш йўқ», — деди у.

Медиа эксперт, ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомов билан суҳбат ҳам стандарт асосида ўтказилган.

«Эксперт можаронинг ҳеч бир томонига қарама-қарши эмас, бундан ташқари минтақадан ташқарида. Унинг мулоҳазалари ҳам бетараф, аммо шундай бўлса ҳам унинг субъектив фикри медиа соҳасидаги қонунларга ёки ОАВ этикасига зид эмас», — дея таъкидлади Торалиева.

Иккала медиа эксперт ҳам  расмийлар томонидан мустақил ОАВга бўлган босим давом этади ва кўп куттирмайди деган фикрда.

«Энди савол туғилди – нега  ўша дастур эфирга узатилганидан бир ой ўтиб “Азаттык” сайтини блокировка қилишга қарор қилишди? Нега “Настоящее время" сайтини эмас? (уларнинг сайтлари бошқа-бошқа)? Нима учун блокировка Кампиробод масаласини ҳал қилиш ва мухолифат билан фуқаролик фаолларининг ҳукуматга масалани аниқ ҳал этмаётганини танқид қилиш билан бир вақтда содир бўлди? Ҳозирча бу ҳукуматнинг энг фаол ОАВни йўқ қилиш учун жуда ёқимсиз ва нопрофессионал усулидек кўринмоқда», — дейди Элмира Токтогулова.

«Ҳокимиятнинг сўнгги қадамларига назар ташлайдиган бўлсак— ҳаракатлар анча қаттиқ бўлганга ўхшайди. Сўз эркинлигини талаб қилиш янада қийинлашади», —дейди Торалиева.