Боткен вилоятидаги тадбиркорларга 217 млн 270 минг сом кредит берилди. Бу ҳақда молия вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Айил банк» орқали жами 305 та мурожаат қаноатлантирилган.
«Лойиҳадан кўзланган мақсад Боткен вилоятининг янада ривожланишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларни қулай ва имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлаш орқали давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан иборат», — дейилади вазирликдан.
Аввалроқ Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан жабрланган Боткен халқини қўллаб-қувватлаш ва уй-жойларни тиклаш учун бюджетдан 100 миллион сом ўтказилгани айтилганди. Чегара ҳудудларига эса 110 миллион сом ажратилган.
Жабрланганларга ихтиёрий ёрдам кўрсатиш учун очилган ҳисоб рақамидаги фуқаролардан эса 327 миллион сом тушди – унинг 84 миллиони жабрланганларга ўтказилди.
Қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини босқинчилик ва ҳарбий ҳужумда айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашув натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган. Шунингдек, жароҳатланган Қирғизистон фуқаролари сони 206 нафарни ташкил этди.
Қуролли тўқнашувлар давомида Боткен вилоятининг чегара қишлоқларида яшовчи 136 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб, хавфсиз жойларга кўчирилган. Можарода Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори 3 миллиард 130 миллион сомга баҳоланган.
Айни дамда бошпанасиз қолган боткенликлар қариндошлари, вақтинчалик чодирлар ва бузилган уйларда яшашга мажбур бўлмоқда.
Муаллиф: Сезимай Жураева