Жогорку Кенешнинг 26 октябрдаги йиғилишида оммавий равишда ҳибсга олинган сиёсатчилар ва фаоллар масаласи кўтарилди. Айрим депутатлар ушбу масалани кун тартибига киритишни таклиф қилишди.
Депутат Сеидбек Атамбаев уларнинг ҳибсга олиниши «нотўғри бўлганини» таъкидлаб, ИИВ келиб, саволларга «жавоб берсин» деб талаб қилди.
«Асосан ҳибсга олинган шахслар билан сиёсий қарашларимиз бошқача. Лекин ҳақиқат учун [айтиш керак] бу тўғри эмас. Эртага, индинга қийналиб қолсангиз, бу журналистлардан ҳеч қандай ёрдам кутолмайсиз! Ҳукумат ОАВнинг қўллаб-қувватлашини йўқотаётганини тушуняпсизми» — деди у.
Депутат Адахан Мадумаров ҳам ушбу масалани йиғилишда кўриб чиқишни талаб қилди.
ИИВ 23 октябрь куни эрталаб, дам олиш куни 20 дан ортиқ фаол ва сиёсатчиларнинг уйларига бостириб кирди ва уларни ҳибсга олди.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан ва расмийларни танқид қилган.
Фаоллар ва сиёсатчиларга «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича айблов қўйилди.
24 октябрь куни уларнинг озод этилиши ва сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилиб Ўш ва Бишкек шаҳарларида фуқаролик фаоллари тинч намойишларга чиқишди. Айни вақтда Ўзган шаҳрида 300 га яқин киши митинг ташкил қилиб, уларнинг ҳибсга олинишини қўллаб-қувватлаб, «ҳокимиятга ишонч»га чақиришди.
Оммавий ҳибсга олинганларнинг деярлик ҳаммаси икки ойга ҳибсга олинган. Фуқаролик жамияти ҳокимиятдан сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Муаллиф: Рустам Турсунбеков