Ўш: Зўравонликнинг олдини олиш ва жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

260

Ўш шаҳрида 25 октябрь куни  оилавий, жинсий ва гендер зўравонлигининг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Клооп»га депутат Динара Ашимованинг ёрдамчиси маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳани Ашимова ташаббус кўтарган. Асосий мақсад — зўравонга  нисбатан жазони кучайтириш орқали зўравонликни тўхтатишдир.

«Жиноятлар бундан кейин тўхтатилмайди ва камаймайди, ярашув ҳам бўлмайди. Жазолар нафақат жисмоний зўравонлик, балки маънавий ва иқтисодий зўравонлик учун ҳам қаралган. Хотинига пул бермаган, ишламайдиганлар ҳам жазоланади. Ҳозирда ушбу қонунлар жамоатчилик муҳокамасида. Ҳудудларга етказилади, кейин эса Жогорку Кенешда бир қатор эшитувлардан ўтади», — деди Ашимова муҳокама чоғида.

Давра суҳбатида Ўшдаги кризис марказлари раҳбарлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, шаҳар кенгаши депутатлари ва Жогорку Кенешнинг айрим депутатлари иштирок этди. Қонун лойиҳаси юзасидан уларнинг таклифлари тингланди.

Тинмаётган оилавий зўравонлик

Олтинчи чақирилишнинг депутатлари 2021-йилда оилавий зўравонлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, оиладаги зўравонлик ҳақида нафақат жабрланувчилар, балки гувоҳлар ҳам хабар бериши мумкин эди.

Бироқ Қирғизистон аёллар учун хавфли давлат бўлиб қолмоқда. 2021-йилда Қирғизистон дунёдаги аёллар фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) Марказий Осиё давлатлари орасида энг хавфли давлат деб топилди. Ушбу индексда Қирғизистон аёлларнинг мақоми баҳоланган 170 мамлакат ичида 97-ўринни эгаллади.

Шунингдек, Amnesty International 2021-йили Қирғизистонда оиладаги зўравонлик «кенг кўламда» бўлганини таъкидлаган. Ташкилотнинг баёнотида, жабрланганлар ҳужум қилганлардан иқтисодий жиҳатдан қарам бўлгани сабаб ва гап-сўзга қолишдан қўрққанидан милицияга кўп ҳам мурожаат қилмаслиги айтилган.

ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти қайд этилган.

Доимо бўлиб турган оилавий зўравонлик аёлларнинг турмуш ўртоқлари, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одамлари ёки эски шериклари томонидан ўлдирилишига олиб келади. Одам ўлдиришнинг бу тури фемицид деб аталади.

Сиз ёки сизнинг яқинларингиз зўравонликка учраган вақтда қуйидаги кризис марказларига мурожаат қилсангиз бўлади.

  • «Шанс» кризис маркази: Бишкек, Чүй проспекти 207, 509-хона - 0709 710 320;
  • «Сезим» кризис маркази — Бишкек, Табишалиев кўчаси 3 - 0312512640
  • «Энсан — Диамонд» жамоат ташкилоти — Ўш, Ленин кўчаси  205/105 - 0772328960
  • «Акилкарачач» кризис маркази — Ўш вилояти Гулча қишлоғи - 0555281423
  • «Аруулан» кризис маркази — Ўш, Ленин кўчаси 205 - 0776380777
  • «Ак журок» кризис маркази: Ўш, Ленин кўчаси 205 - 0 550 231 329, 0 322 245 976
  • «Мээрбан» кризис маркази — Ўш, Ленин кўчаси 312/23 0773843461
  • «Тендеш» кризис маркази — Норин, Қирғиз кўчаси 31/3 0700257890
  • «Маана» кризис маркази — Талас, Тагайбаев кўчаси 274/2 0557484713
  • «Жанил Мирза» кризис маркази — Баткен, Сидиков кўчаси 3 0777393077
  • «Каниет» кризис маркази  — Жалал-Абад, Б. Осмонов кўчаси 113 0372255084
  • «Аялзат — аёллар ташаббусини қўллаб-қувватлаш» жамоат бирлашмаси: Каракол, Абдрахманов кўчаси 105-14 - 0392 251 091, 0553 835 717;
  • «Алтинай» кризис маркази — Чолпон-Ота шаҳари - 0709 694 550
  • «Мээрман» кризис маркази — Қоракўл шаҳри - 0706 383 637
  • «Химая» аёлларга ёрдам бериш ва реабилитация маркази: Қоракўл - 0702 223 535 — бевосита алоқа рақами - 0551 733 390.