Ўшда 15 ёшдаги қизни олиб қочишда гумонланган тўрт киши икки ойга қамалди

252

Ўш шаҳрида 15 ёшдаги қизни олиб қочишга уринган тўрт киши икки ойга қамоққа олинди. Бу ҳақда «Клооп»га шаҳар судидан билдиришди.

Аввалроқ милиция балоғатга етмаган қизни олиб қочишга уринган гумонланувчилар қўлга олинганини билдирган. Воқеа 18-октябрь соат тахминан 22:00 да Масалиев проспекти билан Зайнабидинов кўчасининг кесилишида қайд этилган.

Қизни мажбуран никоҳ ўқитмоқчи бўлган эркак 27 ёшда. Унинг ҳамроҳлари эса 36 ва 37 ёшли эркаклар. Милиция  «Никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш» моддаси бўйича жиноят иши бошлаган.

 Қирғизистондаги қиз олиб қочиш

Қирғизистонда қизларни олиб қочиб, мажбурлаб никоҳ ўқитишади. Аксарият ишлар судга етиб боргунга қадар тўхтатилади – етиб борса ҳам, айбланувчи кўпинча жазосиз қолади. Масалан, 2020-йилда Жалолобод вилоятида олиб қочиш  бўйича 19 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси тергов давомида қисқартирилган.

Милиция бунга  «қизларнинг ота-оналари ўз ихтиёри билан турмушга чиққани ва ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, ариза билан мурожаат қилган», деб асослаган.

2021-йил апрелида ўғирлаб кетилган ва кейин ўлдирилган Айзаданинг фожиали воқеасидан сўнг «Клооп» журналистлари «олиб қочиш» бўйича сўнгги беш йилдаги  суд жараёнларини ўрганиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда  деярли ишламайди деган хулосага келишди.

Муаллиф: Сезимай Жураев