Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров Кампиробод бўйича фаоллар билан учрашув бўлади деган куни махсус хизматга сўроққа чақирилганини МХДҚнинг йиғилишида иштирок этмаслиги учун махсус уюштирилган иш деди.
Бекназаровнинг сўзларига кўра, уни «Ташиев юзма-юз гаплашишни истамоқда» деб сўроққа чақирилган.
«Мен у ерга бориб, кечгача ўша ерда бўлдим, аммо Ташиев келмади. Мен эса “Мана ҳозир келади, ҳозир келади”, деб у ердан қўйиб юборишмади», — деди у.
Сиёсатчи бир неча соат МХДҚ раисини кутиб, Ҳукумат уйидаги учрашувга улгурмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, махсус хизмат вакиллари Ташиев нима учун у билан гаплашмоқчи бўлганини тушунтирмаган.
«Кейин тушундим, гўёки улар қўрқиб, йиғилишга боришимни хоҳлашмагандек. Шунинг учун шундай қилишди», — деб ҳисоблайди сиёсатчи.
Йиғилишда иштирок этган фаол Рита Карасартованинг айтишича, МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Кампирободга борган Бекназаров бошчилигидаги фаоллар, сиёсатчиларни «аямасдан танқид қилганини» айтди.
«Халқ билан гаплашиб келганларни қаттиқ танқид қилиб, [Ташиев] “Бу одамни миллатлараро адоватни қўзғатгани болаларимга топшириқ бердим”, дедида. Яқин кунларда Бекназаровни ё ҳибсга олади ёки бирор нарса қилади», — деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Бекназаров 20 октябрь куни қирғиз-ўзбек чегараси ва Кампиробод масаласида видеомурожаати учун сўроққа чақирилган.
Бекназаровнинг мурожаати
Аввалроқ, Азимбек Бекназаров Ташиев Ўзбекистондан олдик деган ерларга бориб кўрганини айтиб, президент Садир Жапаров ва Камчибек Ташиевга мурожаат йўллаган.
«Тарихда дўстинг [МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев] икковинг Кампирободни сотган одам бўлиб қоласизлар. Сизларда қандай манфаат бор? Кампиробод — стратегик ер. Сув келажакнинг бойлиги, нефтдан ҳам қиммат бойлик. Бензин, олтиндан ҳам қиммат. Нега бунчалик шошиб [Ўзбекистонга] ўтказмоқдасизлар? Буни халқ ҳалигача тушунмаяпти. Акангиз сифатида мен ҳам тушунмаяпман. Мана ўзимиз уришиб юрган Атамбаев [собиқ президент] бермай қўйган ерни нега шошиб, нимага ўтказмоқдасизлар?» — дея савол берган Бекназаров.
Кампиробод сув омбори бўйича баҳслар
Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 1170 км ёки 85% аниқланган. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида тўққизта баҳсли ҳудуд мавжуд. Ана шундай ҳудудлардан бири – Кампиробод сув омбори бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Кампиробод Ўш вилоятининг Қорасув ва Ўзган туманларида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган.
Икки давлатнинг Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси 2022-йил 26-сентябрь куни мамлакатлар ўртасидаги чегаранинг алоҳида участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолашган.
Овоз беришга қадар МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев йиғинда икки давлат чегара бўйича қандай келишувларга эришганини айтиб берган. Шунингдек, Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга қолганини билдирди. Айни вақтда, у сув омборини икки мамлакат баробар 50ка 50 фойдаланади деб ишонтирган.
Шундай қилиб, Ташиевнинг айтишича, Ўзбекистонга Кампиробод сув омборининг — 4 485 га ҳудуди, шунингдек плотинаси қолади. МХДҚ етакчисининг айтишича, унинг ўрнига чегарадаги туманлардаги бир неча баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтади.
Қўмитанинг 10-октябрдаги йиғини Ўзганда ҳам, Бишкекда ҳам норозилик митинглари фонида ўтди. Ўзган туманидаги норози аҳоли агар сув омбори Ўзбекистонга ўтадиган бўлса «жиддий чораларга боришга тайёрмиз» деб айтишди.