Чегара аҳолисини «фавқулодда вазиятларда» қурол билан таъминлаш. Парламент қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилди

263

Жогорку Кенеш депутатлари 20-октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Боткен ва Ўш вилоятларининг чегарага яқин ҳудудларида яшаган  аҳолисини «фавқулодда вазиятларда» қурол-яроғ билан таъминлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини уч ўқишда маъқуллади.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 63 депутат ёқлаб, 3 нафар депутат қарши овоз берди. Йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Ўзгартиришлар «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбурияти тўғрисида, ҳарбий ва муқобил хизматлар тўғрисида», «Қурол тўғрисида»ги ва «Чегара ваколатли вакиллари тўғрисида»ги қонунларга қабул қилинди.

18 октябрь куни Жогорку Кенеш қўмиталари Боткен ва Ўш вилоятларининг чегарага яқин жойлашган аҳолисини «фавқулодда ҳолат» даврида қурол-яроғ билан таъминлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини уч ўқишда маъқуллади.

«Қирғизистон Республикасининг айрим чегарадош ҳудудларига алоҳида мақом бериш ва уларни ривожлантириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси 22 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қонун лойиҳаси ташаббускори Улан Бакасов чегарадаги туманлар аҳолисига қурол ишлатиш имкониятини бериш зарурлиги ҳақида омилларни ёзган.

Депутат ана шу сабаблардан бири — бу Марказий Осиёдаги халқаро терроризм, экстремизм ва сепаратизм таҳдиди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, халқ вакилига кўра, чегарада тўқнашувлар юзага келиши ҳамда миллий хавфсизлик хавфи мавжуд.

Ҳужжатда қурол-аслаҳа 20 ёшга тўлган чегарага яқин ҳудудларда яшовчи фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига сиртдан хавф туғдирган вақтдаги хавфсизлик қоидалари бўйича тайёргарликдан ўтган фуқароларга берилади деб айтилади.

Депутатлар 2021 йилнинг май ойида ҳам чегарада яшовчи фуқароларга ваколатли чегарачи мақомига эга қурол беришни таклиф қилган эди. Шундан сўнг, 2021-йил сентябрида «Чегарага ваколатли шахслар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиб, бундай мақомга эга қирғизистонликларга давлат чегарасини қўриқлашда қурол ишлатишга рухсат берилган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув

Қирғиз-тожик чегарасидаги энг сўнги йирик тўқнашув 14—17-сентябрь кунлари бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этиб, хавфсиз ҳудудга қочган. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишма оқибатида Қирғизистон томондан камида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати эса можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

20-сентябрь куни Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.