«Тарихда Кампирободни сотган шахс бўлиб қоласиз» – Бекназаров Садир Жапаровга мурожаат қилди

293

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилиши юзасидан президент Садир Жапаровга мурожаат қилди.

«Тарихда дўстинг [МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев] иккингиз Кампирободни сотган бўлиб қоласизлар. Сизларда қандай манфаатлар бор? Кампиробод — стратегик жой. Сув дегани келажакнинг бойлиги, нефтдан ҳам қимматроқ бойлик. Бензин олтиндан ҳам қимматроқ. Нега бунчалик шошиб [Ўзбекистонга]  ўтказяпсизлар? Буни халқ ҳам тушунмаяпти. Акангиз сифатида мен ҳам тушунмаяпман. Мана ўзимиз уришиб юрган Атамбаев [собиқ президент] бермаган ерни шошилинч тарзда нимага ўтказмоқдасиз — сизларга нима куч келди? ». — деб савол берди Бекназаров.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланиб қолди. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170 таси ёки 85%и аниқланган.

Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи баённомани имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари, МХДҚ  раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сув омборидан ҳар икки давлат  тенг 50/50 фойдаланишига ишонтирди.

МХДҚ  раисининг сўзларига кўра, унинг ўрнига чегарадош туманлардаги  бир нечта баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтказилади

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига  қарши чиқмоқда. Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида фуқаролар 15 октябрь куни халқ қурултойи ўтказиб, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этган.

Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.

Бугун, 20-октябрь куни Ҳукумат уйида Кампиробод бўйича  фаоллар билан ҳокимият вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтмоқда. Уни президент маъмурияти ташкил қилган.

Йиғилиш ёпиқ ўтмоқда, иштирокчилар рўйхат билан киритилмоқда. Журналистларга аудио ва видео ёзмаслик ҳақида огоҳлантирилди.