Депутат Омурзаков: Тожиклар «Головной»га қурол олиб келиб, хандақ қазишмоқда

305

Боткен вилоятидаги «Головной» сув тақсимлаш жойига тожикистонликлар фуқаролик машиналар билан қурол ташиб келиб, хандақ қазишмоқда. Бу ҳақда 20-октябрь куни парламентда депутат Суйунбек Омурзаков маълум қилди.

*«Головной» сув тақсимлаш иншооти Боткен вилоятининг Оқ-Сай қишлоқ ҳукуматида Кўк-Тош қишлоғида жойлашган. У Оқсув дарёсининг сувини тақсимлайди. «Головной» стратегик объект сифатида тан олинган — уни  ИИВ ходимлари томонидан қўриқланади.

Халқ вакилининг сўзларига кўра, вазият 19-октябрь куни маълум бўлган.

Омурзоқов 14-17 сентябрь кунлари  кенг кўламли қуролли тўқнашувдан сўнг Қирғизистон билан Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва унинг оқибатлари тўғрисида келишув имзолаганини эслатди.

«Энди буни қандай тушуниш мумкин? Кеча ҳаммамиз кўрдик, қурол олиб келиб отишяпти, хандақ қазишяпти. Кеча менга Боткен, Лайлаклик ёш болалар келишди, ишхонамга. Улар айтяпти, биз кўряпмиз деяпти, хандақ қазишяпти деяпти. Маълумот оляпмиз, оғир техника узоққа кетмаган. Ҳозир эса протоколлар, келишувлар имзолангандан кейин яна йиғилиш ўтказишимиз керак, шундай маълумотлар оляпмиз, бундай фильмлар, видеолар чиқяпти деб. Индамай ўтирсак, эртага нима бўлади? Халқ, фуқаролар шундай деб, хандақ қазишиб, қурол олиб келишяпти деб, ўтгандаги воқеалар бўлди. Шунинг учун имкон қадар тезроқ [...] бу борада суҳбат ўтказиш керак», —деб ҳисоблайди Омурзаков.

Қирғиз-тожик чегарасида 14-17 сентябрь кунлари кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлган. Отишма давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб содир бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отишма оқибатида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган.

Ҳар икки томон бир-бирини ҳарбий босқинчиликда айбламоқда.