19-октябрда Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати Қирғизистонда етти миллионинчи фуқаро туғилганини суюнчилади.
Президент матбуот хизмати чақалоқ 19-октябрда, соат 02:10да Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида туғилганини хабар қилди.
Маълумотга кўра, президент Садир Жапаров чақалоқнинг ота-онасига болага Жакшилик деган исм қўйишни таклиф этди.
«7 миллионинчи қирғизистонлик фермер Валижон Абдурасуловнинг оиласида туғилди. Онаси — Айжаркин Сираждинова, 40 ёшда. Бу унинг тўртинчи фарзанди. Чақалоқнинг вазни — 3,9 кг, бўйи— 54 см», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Садир Жапаров чақалоққа бир миллион сомлик депозит ҳисоб очишни топширди.
Бунгача Миллий статком олдиндан ҳисоблаб, Қирғизистонда етти миллионинчи фуқаро 20-октябргача туғилишини таъкидлашган.
Қирғизистонда 6 миллионинчи фуқаро Айлин Кожошева 2015-йили 25-ноябрда Ўш шаҳрида туғилган. Республикада аҳоли сони етти йилда бир миллионга кўпайди.
Беш миллионинчи фуқароси Курамаев Тинчтикбек 2002-йилнинг 27-августида, тўрт миллионинчи фуқароси Каникей Кайипова 1985-йилнинг 27-майида Ўш вилоятининг Қорасув туманида туғилган.