Маст ҳолда автомобил бошқарган Токмок шаҳар Кенгаши депутати Сарбагишов кўчасида икки нафар йўловчини уриб юборди. Бири реанимация бўлимида экани айтилмоқда. Бу ҳақда Чуй вилоят ИИБ хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 19 ноябрга ўтар кечаси қайд этилган. Жабрланганлардан бири Чуй туман милицияси ходими, иккинчиси шаҳарнинг 29 ёшли фуқароси. Улар Токмок шаҳар шифохонасига ётқизилган.
Милициядан «Тойота Ленд Крузер» русумли автомобил ҳайдовчиси ўз айбига иқрор бўлганини таъкидлаб, кўрик давомида спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланганини қўшимча қилди. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Kaktus media нашри йўл транспорт ҳодисасига учраган депутат «Бирге» партиясидан шаҳар кенгашига сайланган Зафар Абраимов эканин ёзди.
ИИВнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси маълумотига кўра, 2022-йил бошдан буён республика бўйича жами 4 минг 972 транспорт ҳодисаси содир бўлган. Тўққиз ой ичида йўл ҳодисаси оқибатида 477 нафар киши ҳалок бўлган — унинг 79 нафари ёш болалар.
2021-йили республикада 7 437 транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 2020-йилга нисбатан 22,9%га кўп экани айтилган. Унда йўл-транспорт ҳодисасидан 800дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Сўнги тўрт йил ичида мамлакатда 32 мингдан ортиқ йўл ҳодисаси қайд этилиб, 4006 киши ҳалок бўлган. 49 639 киши турли жароҳатлар олган.