Мустақил ОАВларига қарши митингда айтилган чақириқлар юзасидан экспертиза тайинланди

263

13 октябрь куни «Азаттык»нинг  биноси олдидаги митингда қилинган провокацион чақириқларга  лингвистик  экспертиза тайинланди. Бу ҳақда «Клооп»га Ленин туман ИИБдан хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига кўра процессуал қарор қабул қилинади.

«Азаттык» радиосининг офиси олдида митинг 13 октябрь куни бўлиб ўтган. Унда 30 га яқин киши «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus.media мустақил нашрларининг Қирғизистондаги фаолияти тўхтатилишни талаб қилган. Шунингдек, улар «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишни ҳам талаб қилишган.

Акция ташкилотчиси Илимбек Исраилов «хорижий агент» тўғрисидаги қонун қабул қилинмаса, «Азаттык» биносини «тошбўрон қилиб, бензин сепиб, ёқиб юбораман», дея таҳдид қилган.

«“Азаттык”,“Клооп”, кейинги қадамимиз, очиқ айтайлик: биз кейин айтмасдан туриб жуда қаттиқ қадамларга борамиз. Бензин сепамиз. “Азаттык”нинг  операторлари, кечириб қўйингларку, мен, Илимбек Исраилов, айтяпман, агар сизни бир митингда кўриб қолсам, бир жойингизни синдириб қўяман», — деган Исраилов.

Исроилов Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов ва депутат Шайлобек Атазовнинг тарафдори. У шунингдек, Садир Жапаров қамоқда бўлганида уни қўллаб-қувватловчи митинглар ва Матраимовни қўллаб-қувватловчи акцияларда ҳам қатнашган.

«Азаттык» митингдан кейин идора олдида уларнинг журналистларига таҳдид қилганларга нисбатан чора кўриш аризаси билан милицияга мурожаат қилган.