Кампиробод бўйича имзо чекмаган Айдарбеков атрофида нима бўляпти?

2013

Ўзбекистон билан чегара шартномаси охирги икки ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси бўлди. Бир ҳафта олдин Жогорку Кенешнинг тармоқ қўмитаси «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари бўйича келишув лойиҳасини» маъқуллаган эди. Бу ҳужжатда ер алмашиш ва Кампиробод сув омбори остидаги ерларни Ўзбекистонга бериш кўзда тутилган.

Бироқ парламент қўмитаси раиси тегишли ҳужжатларни тўлиқ кўрмаганини айтиб, келишувни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолашдан бош тортган. Бу қадамни вазирлар маҳкамаси  раиси ўринбосари Эдил Байсалов танқид қилишга муваффақ бўлди. Бир неча кун олдин у чегара масаласини «нафақадаги сиёсатчилар ва ақли заифлар эмас, балки қонуний халқ сайлаган ҳукумат ҳал қилиши керак» деган.

Кампиробод сув омбори 2021-йили. Сурат: Даниль Усманов / Eurasianet.

Қўмита қарори

10 октябрь куни Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, ҳимоя, хавфсизлик ва миграция қўмитаси ёпиқ йиғилишда «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари бўйича келишув лойиҳаси»ни маъқуллади. Икки давлат ўртасидаги келишувнинг асосий бандларидан бири Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳисобланади.

«Халқ вакилларининг фикри иккига бўлинди - олти нафари ёқлаб, тўрт нафари қарши овоз берди. Мен бу масала бўйича ўз фикримни билдирдим. Қоғозни ўз кўзим билан кўрмагунимча рози бўлолмаслигимни айтдим. Шунинг учун мен қарши овоз бердим», —деган Айдарбеков.

«АКИпресс» ахборот агентлиги президентнинг парламентдаги ва вазирлар маҳкамаси вакили Алмас Абитовга таяниб, қўмита аъзолари икки марта овоз беришганини ёзган.

Имзоланмаган қарор

Орадан бир ҳафта ўтиб, Айдарбеков ўзи  бошқарган қўмита қарорини раис қатори  имзоламагани маълум бўлди. Айдарбековнинг ўзи эса тегишли ҳужжатларни кўрмагани ва уларга «халқ олдида масъулиятни ҳис қилгани учун» имзо қўя олмагани билан изоҳлади.

«Ҳужжатларни ўқимай туриб қарор қабул қила олмайман. Бу нотўғри. Бу юзаки қарор бўлади. Қолаверса, улар бу қарор учун барча масъулиятни Жогорку Кенеш депутатлари зиммасига юкламоқчи», — деди Айдарбек «Жани жуздор» нашрига берган интервьюсида.

Чингиз Айдарбеков парламентда. Сурат: kenesh.kg

Айдарбеков депутатлар делимитация бўйича ҳукуматлар ўртасидаги музокараларда бевосита иштирок этмагани ва шу боис бу масала тафсилотларини билишмаганини таъкидлади.

«Биз фақат ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина таҳлил қилишимиз мумкин. Лекин ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганидан кейин қандай баҳо беришимиз мумкин эди? Тақдирни ҳал қилувчи қарор қабул қилинмоқда. Бу жуда катта юк, халқим ва юртимиз олдидаги жуда катта масъулият. Шунинг учун мен шахсан ҳужжатларни кўрмасдан туриб бундай қарорга кела олмайман», — деди у.

Айдарбековнинг парламент қўмитасидаги ўринбосарлари — депутатлар Чолпон Султонбекова ва Лейла Лурова ҳам қўмита қарорини имзолашдан бош тортган.

«Регламентга кўра, қарор масала кўрилаётган сессияга ким раҳбарлик қилса, ўша шахс томонидан имзоланиши керак. Бу қўмита йиғилишини раиснинг ўзи олиб борган», — дея қўшимча қилди Лурова.

Айдарбековнинг қўмита қарорини имзолашдан бош тортганига вазирлар маҳкамаси изоҳ беришга улгурди.

«Чингиз Айдарбеков ўзи хоҳлаганча “қарши” овоз бериши мумкин, лекин у қўмитанинг қарорига имзо чекиши шарт, бунинг учун кўпчилик аъзолари овоз берган.  Унинг ақлсиз популизми ва масъулиятсиз позицияси, ҳеч бўлмаганда, малака етишмаслигидан далолат беради. Бироқ, яширин сабаблар ҳам бўлиши мумкин... », — деб ёзди вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов Твиттер саҳифасида.

Масалани шошилинч кўриб чиқиш

Айдарбековга кўра, парламент қўмитасининг 10 октябрь кун тартибига дастлаб Ўзбекистон билан чегара шартномаси лойиҳасини кўриб чиқиш масаласи киритилмаган.

«Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш масаласи дастлаб қуйидагича баён этилган эди: “Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг баъзи участкаларини делимитация қилиш бўйича ҳукумат ахборотини эшитиш ва муҳокама қилиш. [Келишув]  лойиҳаси ҳақидаги [мавзу] [...]президентнинг ваколатли вакилининг ташаббуси ва халқаро ишлар қўмитасининг айрим аъзоларининг таклифи билан кечга яқин пайдо бўлди. Кворум бўлганда улар бу масалани ҳал қилишлари мумкин эди. Жараён бўйича  қоидабузарликлар кузатилмади. Лекин мен депутатларни регламентга кўра, ҳужжатлар ўз вақтида бизга топширилиши, ўша ҳужжатлар тўлиқ бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирдим», — деб тушунтирди Айдарбеков.

Шу билан бирга, йиғилиш куни «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари тўғрисида келишув»  лойиҳаси қўмитага эрталаб соат 10:00да келиб тушган. Шу билан бирга, лойиҳа халқ вакилларига ҳам тарқатилди.

«Қўмита ўз ишини соат 11:00да бошлади. Регламентга кўра, ҳужжатлар уч кун олдин топширилиши керак. Бу ҳақда барча мен қўмита аъзоларига маълум қилдим,  ҳужжатлар бугун қабул қилинганини таъкидладим. Бунинг ҳаммаси очиқ  эфирда айтилди. Учинчи масалани кўриб чиқиш чоғида Президентнинг ваколатли вакили ва  қўллаб-қувватловчи депутатларнинг таклифи бўйича мазкур ҳужжат муҳокама қилинди – битим тузиш тўғрисидаги келишувга асосан. Мен депутатларга яна бир бор маълумот бериб, регламентга кўра барча ҳужжатлар тақдим этилмаганини, биз буни диққат билан кўриб чиқишимиз кераклигини айтдим. Бироқ депутатлар кўпчилик овоз билан ушбу масалани кўриб чиқишни қўллаб-қувватладилар», — деди у.

Бироқ, Аидарбеков кечки соат 21:00гача давом этган қўмита йиғилишида унга ҳеч қандай босим кўрсатилмаганини  таъкидлади.

Айдарбековни лавозимидан четлатиш ҳақида сўзлар

Айдарбеков қарорга имзо чекмагани учун уни парламент қўмитаси раислигидан четлаштиришга уринишлар бўлишини инкор этмайди.

«Мен келишувга қарши чиқдим. Қўмита қарорига имзо чекмадим. Халқаро алоқалар қўмитаси раиси масаласи эса ҳозир депутатлар ва фракциялар ўртасида муҳокама қилинмоқда. Пайшанба куни бу масала тайёр бўлади [...] Менга ишонч билдирмаслик ёки ўз ихтиёрим билан кетиш масаласи бўлса, ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўришим керак бўлади», —деди Айдарбеков.

Депутат Шайлобек Атазов Айдарбековни алмаштириш масаласи ҳақиқатдан ҳам муҳокама қилинаётганини тасдиқлади «Азаттык»қа..

«Чингиз Айдарбековни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқилмаган. Бироқ фракциялар бу масалани кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар бор. Агар фракциялар таклифни умумий йиғилишга киритса, у кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Чингиз Айдарбеков ҳозир  ўз лавозимида [раис] ишламоқда», —деди у.

Жогорку Кенешнинг «Альянс» фракцияси депутатни чақириб олиш масаласини кўриб чиқмаслигини маълум қилди. Айдарбеков Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раислигига мазкур фракциядан келган.

«Фракция Айдарбеков ўз фаолиятини давом эттиришни қўллаб-қувватлайди», — деб ёзди  Фейсбук саҳифасида «Альянс» раҳбари Жанар Акаев.

Ҳужжатни президентнинг ўзи ҳам имзолай олади

Айдарбековнинг сўзларига кўра, президент Ўзбекистон билан чегарани делимитация қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини парламент қўмитаси маъқулламай туриб имзолаши мумкин. Мамлакат раҳбарига бундай  ҳуқуқ 2021-йилда қабул қилинган Конституцияда ёзилган.

«[Президент ушбу ҳужжатни имзолайдими ёки йўқми] масалани [унинг маъмурияти] кўриб — ҳаммасини ўйлаб кўриб, тегишли қарор қабул қилиши керак. Президент уни имзолаганидан кейин Жогорку Кенешнинг  ратификациясига келади. Аввал бу ҳужжат қўмиталардан ўтиши керак, кейин эса палата кўриб чиқиш учун киритилади», — деди депутат  агар парламент уни ратификация қилмаса, кучга кирмаслигини қўшимча қилди.

Ўзгандаги қурултой. Сурат: Kloop.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланиб қолди. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170 таси ёки 85%и аниқланган. Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи баённомани имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари, МХДҚ  раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сув омборидан ҳар икки давлат  тенг 50/50 фойдаланишига ишонтирди.

МХДҚ  раисининг сўзларига кўра, унинг ўрнига чегарадош туманлардаги  бир нечта баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтказилади.

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига  қарши чиқмоқда. Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида фуқаролар 15 октябрь куни халқ қурултойи ўтказиб, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этган.

Қурултойга бир қатор сиёсатчилар, унинг ичида  «Бутун Қирғизистон» фракцияси раҳбари Адахан Мадумаров, депутат Дастан Бекешев, «Азаттык» партияси аъзоси Исмоил Исаков ва  «Турон» партияси етакчиси Жениш Молдокматов  иштирок этди. Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.