Тендер тизими бекор қилиниши мумкин. Давлат харидлари тўғрисидаги қонунга яна ўзгартириш киритиш таклиф этилди

227

2022-йилнинг апрел ойида Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига интервью бериб, тендер тизимини бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаганини айтди. Унда  президент ҳужжат бир ойдан кейин кучга киришини айтган.

Бироқ тендер тизимининг бекор қилиниши ҳақида биз қайтадан фақат куздагина билдик. Жорий йилнинг октябрь ойида президент администрациясининг сайтида «“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинган.

Ҳужжатда лойиҳанинг асосий мақсади— давлат харидларини амалга оширишни такомиллаштириш ва оптималлаштириш, шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги коррупцияга барҳам беришдан иборат экани айтилади.

Қонундан нималарни олишяпти?

Давлат харидларининг усуллари

Қонун лойиҳасида давлат харидларининг икки усулини – чекланмаган ва чекланган усулни олиб ташлаш таклиф этилмоқда.

Бу давлат харидлари фақат «котировка сўрови» ва «ягона манба» харид усуллари орқали амалга оширилади дегани. Бошқача қилиб айтганда, бу танловсиз тўғридан-тўғри харидлардир. Бундай операцияларга 2020-йилда, Қирғизистонда COVID-19 пандемияси туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилганида рухсат берилган эди.

Европа иттифоқи давлат шартномаларининг таҳлили шуни кўрсатадики, тўғридан-тўғри шартномалар товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келади. Масалан, ниқоблар бозор нархидан 10 баравар қиммат сотиб олинган.

Давлат харидлари бўйича комиссия

Бундан ташқари, қонуннинг янги таҳририда таклифларни баҳолаш, ғолибни аниқлаш ёки қоида бузилиши аниқланса, харидни ўтмади  деб топувчи комиссияни тугатиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, комиссия камида уч кишидан иборат бўлиши, улардан бири давлат харидлари соҳасида сертификати бор мутахассис бўлиши керак. Шунингдек, комиссия таркибига сотиб олувчи компания раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва таклиф этилган экспертлар кириши мумкин.

Компаниялардан келган ҳисоботларни кўриб чиқиш ишига фақатгина ушбу комиссиялар жавобгар эди. Улар мос етказиб берувчини танлашар  — комиссия  ҳужжатларда хатолар, юқори нархлар ёки сифатсиз намуналар бўлса, етказиб берувчи компания  хизматини рад этиши мумкин эди.

Таклиф этилаётган қонуннинг янги таҳририда «кучини йўқотди» деган сўз жами 18 марта кўрсатилган. Бу, ўзининг малака маълумотларини тасдиқлаш учун етказиб берувчи томонидан тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатли далилларга қўйиладиган талабларга ҳам тегишли эди.

Тендер тизими йўқолади

«Прецедент»  компанияси ҳуқуқшуноси Эдил Эралиев қонунга киритилаётган ўзгартиришлар давлат харидларини яхшиламайди, амалдаги тендер тизимини бутунлай йўқ қилади, деб ҳисоблайди.

«Менимча, тендер тизими йўқолади. У рақобат қилиш, тежаш, сифатли товарларни сотиб олишга керак эди. Агар шундай бўлмаса, ўша парда ортидаги харид  бўлади. 2020 йил пандемия давридаги кўриниш бўлади. Тасаввур қилинг-а, бу ерда ҳамма нарса доим шундай сотиб олинади», — дейди эксперт.

Эралиевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасидаги таъсир берувчи ва манфаатлар тўқнашуви бандлари ўзгартирилмаганига қарамай, бундай операциялар учун имкониятлари ортади.

Бюджетни режалаштириш ва давлат молия масалалари бўйича эксперт Бакит Сатибалдиев ҳам тендер тизими бекор қилинишини айтади.

«Ҳаммаси рақобатбардош харидларни йўқ қилишга олиб келади, чунки котировкаларни сўраш усули қуйидагиларни англатади: "биз кимга хоҳласак шунга  хабар юборамиз, улар бизга нарх беради, биз эса кимникини керак десак ўшаникини сотиб оламиз". Рақобатнинг йўқ қилиниши қиммат ва сифатсиз товарлар сотиб олинишини англатади», — деб ҳисоблайди у.

Унга кўра, тендер комиссияларининг тугатилиши «жамоат назоратининг ҳам буткул йўқолишига» олиб келади.

«Асосан, давлат маблағларига муносабат ҳар доим шундай – бу ҳеч кимнинг пули эмас, демак уларни бесамар сарфлайдилар. Мисол учун, энг қиммат, лекин сифатсиз нарсалар олинади, албатта, баъзида  арзон ва сифатли нарсаларга дуч келишади. Аммо кўпинча пул ўзлариники  бўлмагани учун  одамлар "уятга қолмаслик" учун энг қимматини сотиб олишади. Давлат харидларидаги рақобат энг яхши сифатни танлаш имкониятини беради, агар уни олиб ташланса, харидлар коррупциясиз самарали бўлмайди», —деди Сатибеков.

Аввалроқ «Клооп»  давлат харидлари қандай сояга тушиб кетаётгани ва давлат харидлари тўғрисидаги янги қонун харидларнинг бир қисмини нафақат жамоатчиликдан, балки потенциал иштирокчилар – бизнесменлардан ҳам яшириши мумкинлиги ҳақида ёзган.

2021-йилда Президент Садир Жапаров давлат идоралари «конфиденциал»  қилишга қарор қилган харидларни сир сақлаш имконини берган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунни имзолаган.

Давлат харидлари бўйича очиқ манба маълумотлари журналистлар ва жамоатчиликка тендерларда ҳукуматга алоқадор компаниялар  ғолиб чиққан ҳолатларни аниқлаш имконини бериб келган.

Муаллиф: Зулайка Эркимбаева