Кампирободдаги халқ қурултойи: Жонли эфирга чиққан журналистларнинг интернети ишламай қолди

259

15-октябрда Ўш вилоятининг Ўзган туманида Кампиробод сув омбори бўйича халқ қурултойи ўтди. Уни жонли равишда эфирда намойиш этаётган «Клооп» ва  «Т-Медиа» журналистларининг  мобил интернети ишламай қолди.

«Клооп»нинг ходими жонли эфир бераётган вақтда фейсбук саҳифаси қулфланиб, кейин интернет тезлиги пасайиб кетганини таъкидлади.

У инстаграм саҳифаси орқали эфирга чиқишга ҳаракат қилган. Аммо мобил интернети ёмон ишлаб, эфирни тўхтатишга тўғри келди.

«Т-Медиа» телерадиокомпаниясининг вакили жаъми тўрт ходимнинг интернети ишламай қолганини айтди —уларнинг учтаси 4-октябрда президент уюштирган Ўзгандаги учрашувга борган.

«Бугун Ўзганга борган журналистлар аввалги сафар ҳам келган эди. Улар интернети ишламай қолганини айтишди. У ердан [интернет орқали] бизга алоқага чиқа олмай, телефон қўнғироқ қилишди. Телефон алоқаси ишламоқда, лекин интернети ишламади. Аввал Ўзгандаги [президент]нинг учрашувига борган яна бир журналист бу гал Ўшда бўлган. Аммо унинг ҳам интернети маълум муддатгача ишламай қолган», — дея таъкидлади у.

«Т-Медиа» вакили ўзининг интернетининг ишламай қолганини фейсбук саҳифасида маъмур экани билан тушунтирди. Шу билан бирга, у фейсбук аккаунти очилмаётганини қўшимча қилди.

Шунингдек «Клооп»нинг  4-октябрдаги президентнинг Ўзгандаги учрашувига борган бошқа  журналистининг ҳам интернети ишламай қолди.

Ўзгандаги жонли эфирларнинг ўчирилиши

4-октябрда Ўзган туман администрациясида Кампирободга боғлиқ ёпиқ йиғилиш ўтган. Унга президент Садир Жапаров бошчилигидаги ҳукумат вакиллари ва депутатлар қатнашган.

Йиғилишга тўпланганларнинг деярли ярмидан кўпи ва журналистлар киритилмади – бу бинонинг торлиги билан изоҳланиб, улар икки босқичда қабул қилиниши айтилди. Шунингдек, йиғилишда қатнашганларнинг бинога кираверишда телефонлари олинган.

Учрашувдан жонли эфирда узатилган «Клооп» нашри ва «Т-Медиа» телерадиокомпаниясининг видеолари эса журналистларнинг фейсбук саҳифасида ҳужумга учраган ва ўчирилган.

Кампиробод бўйича йиғилишга кирмай қолган аҳоли президент Садир Жапаров ва у билан бирга келган мутасаддилардан «ташқарига чиқсин» деб талаб қилишган. Бироқ уларнинг талаби бажарилмаган. Шундан сўнг, ташқарида қолган халқни йиғилишга таклиф қилишган, бироқ баъзи маҳаллий аҳоли вакиллари бинога киришдан бош тортган.

Кампиробод масаласи

Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 1170 км ёки 85% аниқланган. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида тўққизта баҳсли ҳудуд мавжуд. Ана шундай ҳудудлардан бири – Кампиробод сув омбори бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ўш вилоятининг Қорасув ва Ўзган туманларида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган.

Икки давлатнинг Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича  ҳукумат делегацияси 2022-йил 26-сентябрь куни мамлакатлар ўртасидаги чегаранинг алоҳида участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолаган.

10-октябрда Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси Ўзбекистон билан чегарани делимитация ва демаркациялаш бўйича келишувининг лойиҳасини маъқуллаган.

Овоз беришга қадар МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев йиғинда икки давлат чегара бўйича қандай келишувларга эришганини айтиб берган. Шунингдек, Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга қолганини билдирди. Айни вақтда, у сув омборини икки мамлакат баробар 50ка 50 фойдаланади деб ишонтирган.

Аммо, Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг собиқ етакчиси Мамбетжунус Абиловнинг айтишича, бу ҳудудлар аввалдан Қирғизистон ери бўлган. Шундай қилиб, у бу ерларнинг қайси бир қисмлари туман миқёсида вақтинча фойдаланиш учун Ўзбекистонга берилганини айтди.

Қўмитанинг 10-октябрдаги йиғини Ўзганда ҳам, Бишкекда ҳам норозилик митинглари фонида ўтди. Ўзган туманидаги норози аҳоли агар сув омбори Ўзбекистонга ўтадиган бўлса «жиддий чораларга боришга тайёрмиз» деб айтишди.