Сурат: Чуй вилояти тоғларида камёб учровчи ёввойи жониворлар фотоқопқонга тушди

14-октябрда Табиий ресурслар, экология ва техника назорат вазирлиги  фототузоққа тушган ёввойи ҳайвонларнинг суратларини эълон қилди.

Камерага оқ қоплон, тоғ эчкиси, буғу, бўри, тулки, тўнғиз, суғур, силовсин, қашқақулоқ, сувсар, бургут, каклик, кўршапалак, енот ва бошқа ёввойи ҳайвонлар тушиб қолган.

Маълумотга кўра, 2022-йилнинг июнь ойида вазирлик ва «Илбирс» ташкилоти Чуй вилояти  Жайил, Панфилов ва Москва туманларининг тоғ тизмаларига 31 фототузоқ ўрнатишган.

«Йўқолиб бораётган хазина» лойиҳаси оқ илбирснинг популяцияси ва еган овқатини кузатиш мақсадида ташкил этилган.

Оқ қоплон

Оқ қоплон — Қизил китобга киритилган жонивор. Қоплон Хитой, Мўғулистон, Непал, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида яшайди. Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистонда уларнинг сони 300-350 тага етгани айтилади,  бошқа манбаларда мамлакатимизда 400-450 та оқ илбирс борлиги айтилади.

Мамлакатда оқ қоплонларни отиб, териси ва бош суягини сотишга уринаётганлар ҳам бор. Қирғизистонда эса оқ қоплонни отганлар 1,5 миллион сом жарима билан жазоланади.

Қоплонларнинг кўпайишига улар истеъмол қилувчи озуқа ҳам таъсир қилади, улар архар ва бошқа тоғ ҳайвонларини овлайди. Архарларнинг сони камайиши билан оқ қоплон бошқа ҳудудга ўтади ёки ўлади.

Ҳар йили давлат архар отиш учун 70 та лицензия ажратади. Табиий ресурсларни бошқариш бошқармаси маълумотларига кўра, архар отишга ажратилган 70 та овчилик лицензиясининг ҳаммаси сотилади.

Парламентда ноёб ҳайвонларни отишга мораторий эълон қилиш ташаббуси бир неча бор кўтарилган. Депутатлар 2017 ва 2019-йилларда  «Ов қилишни тақиқлаш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилишган – ҳар икки ҳолатда ҳам ташаббус қўллаб-қувватланмади.

2013-йилда собиқ президент Алмазбек Атамбоев бошчилигида Қирғизистонда илк бор оқ қоплонни ҳимоя қилиш бўйича жаҳон форуми ўтказилган эди. Унда оқ қоплон яшайдиган 12 давлат вакиллари иштирок этди. Ушбу ташаббусдан сўнг оқ қоплонни сақлаш бўйича глобал режа ишлаб чиқилди.

Оқ қоплонни ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, мутахассислар 2040 йилга бориб, уларнинг дунёдаги  умумий сони 10%га камайишини тахмин қилмоқдалар. Бунга кўплаб омиллар, жумладан, уларнинг яшаш жойларининг қисқариши ҳам сабаб бўлади.