Жорий йилнинг тўққиз ойида йўл-транспорт ҳодисаларида 477 киши ҳалок бўлган, уларнинг 79 нафари ёш болалардир

2022-йил бошидан буён Қирғизистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 477 киши ҳалок бўлган, улардан 79 нафари ёш болалардир. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Канатбек Кубатбеков матбуот анжуманида маълум қилди.

Унга кўра, ўсмирлар иштирокида 1379 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган,  79 нафар бола ҳалок бўлган. Бу ўтган йилга нисбатан 4,8 фоизга кам — ўтган йилнинг 9 ойида 83 нафар ўсмир вафот этган.

«Ўтган йили йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1 655 нафар ёш бола жароҳат олган, бу кўрсатгич  жорий йилда  1 фоизга кўп – 1 672 нафар ўсмир жабрланган», — деди у.

Кубатбеков тўққиз ойда республика бўйича жами 4 минг 972 та автоҳалокат қайд этилганини айтди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг тўққиз ойида 5 минг 426 тани ташкил этган.

2021-йилда мамлакатда 7437 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб,  2020-йилга нисбатан 22,9 фоизга кўп экани  айтилган. Унда йўл-транспорт ҳодисаларидан 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатда 32 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, 4006 киши ҳалок бўлди. 49 639 киши турли тан жароҳатлари олган.