Россиянинг Украинани аннексия қилиши. Қирғизистон БМТ резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф қолди

232

БМТ Бош Ассамблеяси 12 октябрь куни Украинанинг «Донецк» ва «Луганск» «халқ республикалари»да, оккупацияланган  Херсон ҳамда Запорожье вилоятларида ўтказилган «ноқонуний референдумларни» айблаган резолюцияни қабул қилди.

БМТга аъзо 193 давлатдан 143 таси маъқул деб овоз берган бўлса, беш давлат - Россия, Беларус, Шимолий Корея, Сурия ва Никарагуа қарши овоз берди. Яна 35 давлат, жумладан Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари овоз беришда бетараф қолди.

 

Резолюция муаллифлари «ноқонуний референдум» натижаси ҳуқуқий кучга эга эмаслиги ва Украинанинг юқорида қайд этилган вилоятларининг мақомини ўзгартириш учун асос бўла олмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, резолюцияда барча давлатлар ва халқаро ташкилотларга Россия оккупация қилган Украина ҳудудлари мақомининг ўзгаришини тан олманглар деган чақириқ ҳам ўрин олган.

«БМТнинг  Бош Ассамблеяси Москвадан  2022-йил 21-февралдаги (ўшанда Россия ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» билан «ЛХР» мустақиллигини тан олган – таҳр.) ва 29-сентябрдаги Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларининг  баъзи вилоятларининг мақоми тўғрисида қабул қилган қарорларини  зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз бекор қилишни талаб қилди. Чунки бу Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузади ва БМТ Низомининг тамойилларига зид. Ассамблея Россиянинг барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан унинг халқаро тан олинган чегараларидан ташқарига зудлик билан, тўлиқ ва шартсиз  олиб чиқиб кетишни талаб қилди», — дейилади БМТнинг ахборот порталида.

Сохта референдумлар

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича сохта референдумлар ўтказилди: «ДХР», «ЛХР» ва Херсон, Запорожье вилоятларининг айрим вилоятларида 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтди.

«Донецк» ва «Луганск» «халқ  республикалари»да  «Россияга қўшилишни хоҳлайсизми? » фақат битта савол берилди. Запорожье ва Херсон вилоятларининг босиб олинган қисмларида учта савол бирлаштирилиб берилган: «Сиз минтақани Украинадан ажратишни, вилоятнинг мустақил давлатини яратишни ва унинг Россия Федерацияси таркибига Россия Федерацияси себъекти қатори киришини қўллаб-қувватлайсизми? »

Россия давлат матбуотига кўра, референдумга сайловчиларнинг «ЛХР»да 92,6%и, «ДХР»да 97,51% келган. Запорожье ва Херсон вилоятларида овоз беришда қатнашганларнинг 85,4%  ва 76,86%ни ташкил қилган. Россия давлат матбуотига кўра, сайловчиларнинг 96-97% мазкур ҳудудларнинг  Россия таркибига қўшилишни ёқлаб овоз берган.

Бироқ референдумлар махфийликни сақламаган ҳолда қуролланган шахслар иштирокида ўтказилган.

Ишғол қилинган ҳудудлар расмийлари референдум барча стандартларга мувофиқ ўтганини айтиб, далил сифатида халқаро кузатувчиларнинг баёнотларини келтирди. Бироқ «Fake News» дастури журналистлари россияпараст қарашдаги номаълум шахслар кузатувчи сифатида ўтаётганини аниқлади.

30-сентябрь куни Владимир Путин Кремлда ҳудудларни «Россия таркибига киритиш» ҳақидаги келишувларни имзолаган.

Украина президенти Владимир Зеленский бунга жавобан мамлакат Шимолий Атлантика альянсига (НАТО) аъзо бўлиш учун тезлаштирилган тарзда расмий ариза беришини айтди.

Украина ҳудудларини Россия ўз таркибига киритганини аксарият давлатлар  тан олмадилар. Қирғизистон бу ҳудудларнинг Россия ҳудуди сифатида тан олиниши юзасидан ҳеч қандай баёнот бермади.

2022-йил 24-февралда Россия қўшинлари Украинага тўлиқ таркибда кирди. Октябрь ойига келиб Россия Украинанинг бир қисмини босиб олди. Уруш ҳали ҳам давом этмоқда.

2014-йилда Россия референдум орқали Қримни аннексия қилиб олди. Аксарият давлатлар Қримни Украинанинг бир қисми сифатида тан олади. Худди шу йили Донецк ва Луганск вилоятлари тан олинмаган, ўзини ўзи республика деб эълон қилган  — «ДХР» ва «ЛХР»га айланган.