«Бу уят». Депутатлар блогер Жекшеналиевни қамоқдан бўшатишга чақиришди

192

Жогорку Кенешнинг 12-октябрдаги йиғинида бир неча депутат қўлга олинган блогер Ирис Жекшеналиев масаласини кўтариб, уни қамоқдан озод қилишга чақирди.

Депутат Тазабек Икрамов спикерга Жекшеналиевнинг ишини назоратга олиш бўйича протокол топшириғини берди.

«Ирис 19 ёшдаги бола, ҳали ёш. Нима учун шундай? Ёшлар эмас, ёши анча катта бўлиб қолганлар ҳам хато қилмоқда. Бугунги кунда болани у ерда [қамоқда] ушлаб ўтириш уят. Босим қилиш бўлмаслиги керак», — деб ҳисоблайди Икрамов.

Жекшеналиевни бўшатиш талабини депутат Сеид Атамбаев ҳам айтиб чиқди.

«Парламентда уч-тўрт марта айтдик. Энди 19 ёшдаги болани бекордан бекор қамоқда қамаб ўтирибсизлар. Бу асос бўлмайди. Унинг ҳам чеки бор», — деб билдирди депутат.

Ирис Жекшеналиевнинг иши

19 ёшдаги Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун ИИВга сўроққа чақирилган.

Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш») моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. 16-августда Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарори билан блогер ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган.

10-октябрда Бишкекнинг Биринчи май туман суди 19 ёшдаги фаол Ирис Жекшеналиевни 14-декабрга қадар қамоқда қолдирган. Судья қарорни ўқиётганда Жекшеналиев ҳимоя пластик кабинасини тепкилай бошлаган.

«Позор! Худо олдида жавоб берасизлар. Жапаровни судлаганлар бугун мени судламоқда. [...] Қамоқ билан синдира олмайсизлар. Қамоқ билан аксинча кучаланади, тобланиб чиқаради! Мени қамаш билан журналистларни, талабаларни, ёшларни қўрқитмоқда. Ҳеч ким қўрқмайди! Қўрқита олмайди! Позор!» — деб қичқирган у.