«Аксарияти этник қирғизлар ёки Қирғизистонда туғилганлар». Фуқаролик олган россияликлар ҳақида

235

2022-йилнинг тўққиз ойида 603 нафар рус фуқароси Қирғизистоннинг паспортини олди. Бу ҳақда 11-октябрда Рақамли ривожлантириш вазирлигининг Аҳолини рўйхатга олиш департаментининг директори Нурсултан Садирбеков билдирди.

Рақамлаштириш вазирлигининг матбуот хизматидан «Клооп»га Қирғизистон фуқаролигини олган россияликларнинг аксарияти — этник қирғизлар ва аввал Қирғизистонда туғилганлар эканини билдирди. Аммо муассаса уларнинг аниқ сонини айтгани йўқ.

Давлат рўйхатга олиш хизматининг маълумотига кўра, 2022-йилнинг 9 ойида қирғиз фуқаролигини олиш учун 1631 россиялик ҳужжат топширган. 2021-йили шундай муддат оралиғида фақатгина 385 россиялик қирғиз фуқаролигини олишга ҳужжат топшириб, 226 киши фуқаролик олган.

Тўққиз ойнинг ичида Россиядан келган фуқаролар сонининг ўсиши 30%ни ташкил қилган. Шундай қилиб, шу йилнинг 9 ойида Қирғизистонда 192 минг россиялик рўйхатдан ўтган, 2021-йили эса  — 160 минг киши.

Россиядан келган қочқинларнинг оқими

Россияда сафарбарлик ҳақидаги биринчи хабар чиққандан бери Бишкек Россиядан келган қочқинларнинг иккинчи тўлқинига дуч келмоқда.

21 сентябрда Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинган.

Пентагон маълумотларига кўра, август ойининг бошидаёқ Россия ўлганлар ва ярадор бўлганларни қўшганда 70-80 минг кишини йўқотган. Украина қуролли кучларининг 28-сентябрь ҳолатига кўра берган маълумоти бўйича эса, уларнинг сони ҳалок бўлганларни қўшганда 58 мингдан ошган. Россия эса анча кам рақамни айтмоқда.

21-сентябрда Россиянинг мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия томонининг йўқотишлари бор-йўғи 5937 кишини ташкил этганини маълум қилган. Шойгу 21 сентябрда қисман сафарбарликка захирада турган 300 мингга яқин одам чақирилишини билдирган. Бироқ Meduza нашрининг маълумотига кўра, Россия 1,2 млн одамни мобилизация қилишни кўзлайди. Шунга қарамай рус ҳукумати бу режани инкор қилиб келади.

Россияликларнинг оммавий келиши сабаб, Қирғизистонда хонадоннинг ижара ҳақига бўлган нарх ўсмоқда. Шаҳарнинг четидаги бир хонали хонадонлар Москвадагидек баҳо билан берилганига қарамай ярим кунда эгалланиб кетилмоқда.

Иқтисод фанлари доктори Толон Абдиров қочқинлар келаётганда баҳолар хизмат кўрсатиш бозоридаги барча сегментларда ўсаверади деб ҳисоблайди.