Азимбек Бекназаровнинг ўғли 12-декабрга қадар ҳибсда қолди

187

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаровнинг ўғли —Руслан Бекназаровнинг қамоқ муддати 12-декабрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда «Клооп»га Биринчи Май туман суди матбуот хизмати хабар берди.

Судда айбланувчи журналистларга уни отасининг «Қумтор» кони ҳақидаги танқидий фикрлари  туфайли ҳибсга олинганини айтди.

«Бу икки дўстнинг иши. Мени қўйиб юбор  дейишса, қўйиб юборишади, агар йўқ деса, озод қилишмайди. Мен судга, терговчига, прокурорга уларни тушунишимни  айтдим, ишингизни қилаверинглар дедим. Бу отам айтган гаплар билан боғлиқлигини ҳамма билади. Отамнинг танқиди туфайли президент шахсий фармойиш чиқариб,  қамоққа олди. Қасос олиш сиёсати ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди», — деди у.

Милиция Руслан Бекназаровни 14 сентябрь куни қўлга олиб, вақтинчалик ҳибсга киритган. ИИВ  у экстремистик материалларни тарқатишда гумон қилинаётганини айтган.

Милициядан  Фейcбук  мониторинги давомида Қирғизистонда тақиқланган «Ҳизбут-Таҳрир-ал-Исломий»  террорчилик ташкилоти мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилган аккаунт аниқлангани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан «Экстремистик материаллар тайёрлаш ва тарқатиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бунгача милиция бу иш бўйича Бекназаровни сўроқ қилган эди.

15-сентябрь куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Бекназаровни 12-октябргача ТИЗО-1да ҳибсда қолдирди.

Унинг отаси Азимбек Бекназаров эса ўғлининг ҳибсга олинишини ҳокимиятнинг «пастлиги» деган.

«Боламни ҳибсга олиб мени тиз чўктираман  деяпсиз. Адашяпсиз. Мени тиз чўктирмоқчи бўлган президентларни кўп кўрганман. Улардан бири - сизсиз. Сизлар нафақат қирғиз халқини, балки уларни ташқаридан қўллаб-қувватлаётган бакиевчиларни ҳам 1,5 йилдан бери алдаяпсиз. Ваъдаларингизни бажармадингиз», — дея мамлакат раҳбарларининг истеъфосини талаб қилган.

Руслан Бекназаров  Бишкекнинг Свердлов тумани ҳокими ўринбосари. У бу лавозимга 2022 йилнинг июнь ойида тайинланган эди.

Бекназаров ҳокимиятни танқид қилгани учун ишдан бўшатилган

Азимбек Бекназаров 2000-2005 йилларда Жогорку Кенеш депутати, 2005 йилда эса бош прокурор бўлган. 2010-йилда Муваққат ҳукуматда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган.

2020 йилда Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси этиб тайинланган.

Беканазаров  элчи вазифасидан олингани шу йилнинг 5 августида  маълум бўлди.

Президент фармонида сиёсатчи «унга юклатилган ташқи сиёсий вазифаларни, жумладан, Қирғизистон билан  Малайзия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашни  бажара олмагани» маълум қилинган.

Бекназаровнинг ўзи «Қумтор» масаласини танқид қилгани учун ишдан бўшатилганини маълум қилган.