«Нима учун ўтирганимни билмайман». Блогер Жекшеналиев 14-декабргача қамоқда қолди

223

Бишкекнинг Биринчи Май туман суди блогер Ирис Жекшеналиевни 14 декабргача қамоқда қолдирди. У Фейсбукдаги «Полит Узник» саҳифасида МДҚнинг собиқ раиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони ҳақида айтган эски видеосини эълон қилгани учун  «Оммавий тартибсизликлар» моддаси билан айбланмоқда. Сегизбаев мазкур мурожаатида Нориндаги Жетим-Тоо конини авлодларга қолдириш кераклигини айтган.

Терговчи суддан ҳибсга олиш муддатини 14 декабрга қадар узайтиришни сўраган, чунки иш бўйича тўрт нафар экспертиза тайинланган, бироқ уларнинг хулосалари ҳали эълон қилинмаган.

«У сўроққа олинди. Тергов амаллари олиб борилмоқда», — деди терговчи.

Жекшеналиев эса тергов ишлари олиб борилмаётганини, терговчилар «тўйдан бўшамай юрганини» айтди.

«Нега икки ойдан бери ўтирганимни билмайман [...] Мени “бир эски видео чиқардинг” дейишмоқда. Эски видеони чиқариш жиноятми? [...] Мен ўтганда айтганман бу "маразм" деб. Йўқ, бу аҳмоқлик! Бунга алоқадорларнинг ҳаммаси аҳмоқлар! [...] Икки ойдан бери ўтираман, соғлиғим ёмонлашмоқда, белимда грижа қўзғамоқда. Бетон ҳамма ётган ерим. [...] Эй, мендан қўрқманглар. Кўрдингларку кимдан қўрқиш кераклигини. Ўзингизни ўзингиз қўрқитмоқдасиз, бир-бирингизга жосуслик қиляпсиз», – деди Жекшеналиев.

Фаол жиноят иши ноқонуний қўзғатилган деб ҳисоблайди.

«Бошидан ноқонуний бошланган. Менинг Конституциядаги 32-33-моддаларидаги ҳуқуқларим, икки ҳуқуқим, ўқиш ҳуқуқим, даволаниш ҳуқуқим поймол этилмоқда. Қамоқда бўлганимда, энг бошида, 26 август куни чап томоним бутунлай ишламай қолди, микроинфаркт бўлдим. [...] Айтиб айтмаяптими терговга халақит беради деб, телефонимни олиб қўйишган, бу саҳифага киришлари учун ҳаммаси бор [терговчиларда]. Мен ўша видеони таҳрир қилмаганимни, бу видео учун ҳеч ким пул тўламаганини ҳаммасини исботлаб бердим», — деди Жекшеналиев.

Ҳимоячи Кантемир Турдалиев нима учун экспертиза ҳибсга олинганидан бир ой ўтиб ўтказилганини ҳақида савол берди. Терговчининг сўзларига кўра, аввалроқ экспертиза учун зарур материаллар бўлмаган.

Турдалиев бунгача ушбу видео бўйича Сегизбаев ўзини ҳимоя қилганини, ҳозир бу видеони тарқатган Жекшеналиевни нима учун ҳибсга олинганини тушунмаётганини айтди.

«ОАВ, фаоллар, умуман қирғизистонликлар ҳукумат ҳақида фақат яхши нарсаларни ёзиши керакми? Бу унинг [Жекшеналиевнинг] конституциявий ҳуқуқини поймол қилишдир», —  деб ҳисоблайди Турдалиев.

Адвокат Жекшеналиевни тергов тугагунига қадар уй қамоғида сақлашни сўради.

«Тиббий кўрик ўтказилди, у ерда консилиум ҳам ўтказилди. Натижада,  гепатит дейишмоқда, тахикардия дейишмоқда. [Уй қамоғига] қўйиб юборинглар, сўроққа келиб туради», —деди адвокат.

Аммо судья унинг илтимосини қаноатлантирмади.

Жекшеналиевнинг ҳибсга олиниши

Ирис Жекшеналиев 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича айтган эски видеосини эълон қилгани учун ИИВга сўроққа чақирилган. Сегизбаев ушбу мурожаатда Нориндаги Жетим-Тоо конини авлодларга сақлаб, ўтказиб бериш кераклигини айтган.

ИИВ тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда ҳудудда Жетим-Тоо конини ўзлаштириш бўйича турли келишмовчиликлар юзага келган, «айрим шахслар конни ишлатишга қарши чиқишга даъват этиб, ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни фаол равишда тарқатмоқда».

«”Полит Узник” саҳифасида эълон қилинган айрим маълумотлар хавотир уйғотади, чунки баъзи фаоллар билан махсус шахсларнинг қарама-қарши, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш, жойларда вазиятни оғирлаштириш, жамоатчилик фикрини бузиб кўрсатишдан манфаатдор эканлиги кузатилмоқда», — дейилади ўшанда ИИВдан.

Шу куни Жекшеналиев ҳибсга олиниб, вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилди.

Шу куни Президент Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали Норин вилоятидаги Жетим-Тоо конининг ишлаши ҳақида маълумот сўраб мурожаат қилди.

«Аммо бугун Жетим-Тоони ишлатишга тайёр эмасмиз. Шунчаки геологик ишларни олиб бориш ва захирани аниқлаш ҳақида буйруқ берилган», — деб ёзган Жапаров.

Жапаров «Жетим-Тоони ҳимоячисига айланганларни» халқни чалғитишни бас қилишга чақирди. Ўшанда конни ўзлаштириш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини, фақат геология-қидирув ишларини олиб бориб, коннинг захирасини аниқлашга буйруқ берилганини қўшимча қилган.

16 август куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди қарори билан блогер ТИЗО-1да икки ойга ҳибсга олинган. Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳукумат вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақиришлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонлик кўрсатишга даъватлар») моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жекшенов ўзининг қўлёзма мурожаатида ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини «100% сиёсий асосда» деган.

«Медиа Полиси» институти ҳуқуқшуноси Акмат Алагушев Жекшеналиевга қўйилган айбловларни «асоссиз ва ноқонуний» деб ҳисоблайди. Чунки фаолнинг постида жамоат хавфсизлигини бузувчи ҳаракатларга чақириқлар бўлмаган.

Жетим-Тоо қандай кон?

Жетим-Тоо — Норин ва Иссиқкўл вилоятлари кесилишида жойлашган йирик темир кони. У 1956 йилда очилган.

Қирғизистон тоғ-кон ишлаб чиқарувчилар уюшмаси Жетим-Тоони — дунёдаги энг йирик темир рудаси конларидан бири деб билади. Расмийларга кўра, у ерда  50 миллиард долларлик беш миллиард тоннадан ортиқ темир рудаси мавжуд.

Сармоядорлар конга 2005 йилда қизиқа бошлаган, ўша вақтда мамлакатни собиқ президент Курманбек Бакиев бошқарган. Кейинроқ Максим Бакиев конни 300 сомга сотиб олиб, кон улушининг 80 фоизни Хитойнинг «Арт Майнинг» компаниясига 25 миллион долларга сотгани маълум бўлган.

2010-йилда ҳукумат алмашганидан кейин лицензия бекор қилинди, инвестор бу қарор учун ҳукуматни судга берган. 2012-2013-йилларда компания судга мурожаат қилиб, ҳуқуқий низо бир неча йил давом этган, кейин эса, 2016 йилда ҳокимият конни ўз қўлига олганини эълон қилган.

Шундай қилиб, Жетим-Тоо мавзуси тилга олинмай қолди, аммо кон 2020 йилда яна тилга олинди. Масалан, ноябрь ойида ҳокимиятга келган Садир Жапаров Қирғизистон Хитой олдидаги қарзидан пул билан эмас, хомашё билан қутулиши мумкинлигини айтган. Бошқача айтганда, у ерда қазиб олинган рудани қўшни давлатга бериш.

2022-йил апрел ойида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров Жетим-Тоони ривожлантириш учун маблағ Қумтор даромадидан олинишини маълум қилган эди. Кейинроқ у Норинга бориб, маҳаллий аҳолига тоғ-кон саноатининг афзалликлари ҳақида гапириб берди.

Бироқ норинликларнинг бир қисми Жетим-Тоони ўзлаштирилишига қарши бўлиб, ҳатто 12 август куни ҳам бу масалага қарши митинг ўтказди. Улар кон ўзлаштирилса, экологияга зарар етказади, коррупцияга йўл очади, дейишди.

Жорий йилнинг 10 августидан бошлаб айрим блогерлар билан журналистлар Жетим-Тоони ишга туширишнинг афзалликлари ҳақида фаол ёзишни бошладилар. «ПолитКлиника» нашри эса уларнинг ҳаммаси бир кунда ёзган постларини ўчириб ташлашганини эълон қилди. Баъзилар бу пост учун тўланган деган гумонларни инкор қилишган.