Қирғизистон КХШТ ҳарбий машғулотларини ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилди

202

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Қирғизистонда ўтадиган навбатдаги ҳарбий машғулотлари бекор қилинди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига асосланиб «Азаттык» ёзди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон томони «КХШТнинг мамлакатда ўтадиган навбатдаги ҳарбий машғулотлари ўтказилмаслиги тўғрисида» қарор қабул қилди.

«Бузилмас биродарлик» номли КХШТнинг тинчликпарвар кучларининг қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари 10-14 октябрь кунлари Балиқчи шаҳри яқинидаги «Эделвейс» полигонида бўлиб ўтиши керак эди.

КХШТ таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Беларус ва Россия киради.

Шу йилнинг сентябрь ойида ташкилотга кирувчи Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлиб, қон тўкилган эди. Ҳар икки томон бир-бирини ҳарбий босқинчиликда айблаган.

Шу боис 7 октябрь куни ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг Ереванда бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги КХШТ низом ҳужжатларига қўшимчалар киритишни таклиф қилди.

ТИВ ўринбосари Нуран Ниязалиев Тожикистоннинг Қирғизистонга қарши ҳарбий тажовузи оқибатлари ҳақида маълумот берар экан, қуролли ҳужумларнинг олдини олиш, барча келишмовчиликларни ўртадаги келишув ва низом асосида тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ташкилот доирасида механизмларни зудлик билан амалга оширишга чақирган.

2021-йилда КХШТнинг тезкор тарқатувчи коллектив кучлари бўлинмалари билан ўтадиган «Рубеж-2021» қўшма ҳарбий машқлари 7-9-сентябрь кунлари Балиқчи шаҳри яқинидаги «Эделвейс» ўқув маркази базасида бўлиб ўтган. Аммо унда Тожикистон иштирок этмаган.