Тожикистон Қирғизистон ТИВнинг Раҳмонни мукофотлаш ҳақидаги танқидини провокация деб атади

193

Тожикистон ТИВнинг матбуот котиби Шохин Самади Фейсбук саҳифасида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Чингиз Кустабаевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Путин томонидан орден билан мукофотлангани бўйича айтган фикрига жавоб берди. 

Самади қирғиз ҳамкасбининг сўзларини «қабул қилиб бўлмас, дипломатик этика тамойилларига зид» деб ҳисоблайди.

«Эришилган келишувларнинг жирканч тарзда бузилгани очиқ мисол бўлмоқда. Қирғизистон томони музокаралар давомида маълумот майдонида  провокацион баёнотлар ва бирёқлама айбловларга йўл қўймаслик бўйича Тожикистон томони таклифларини бир неча бор қўллаб-қувватлаганини таъкидлайман. Тожикистон ТИВ Қирғизистон раҳбариятининг сўзлари ва ҳаракатларига изоҳ беришни истамайди, чунки у ҳар қандай можарони тинч йўл билан ҳал қилишни мақсад қилган», — деди у.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустабаев 6-октябрь куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги  қуролли тўқнашувда бегуноҳ одамлар ҳалок бўлиб,  оналар мотам тутаётган вақтда Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни орден билан мукофотлагани ажабланарли деб айтган.

«Мукофот айбдорни топди. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти апрель ойидаги Қирғизистонга қарши қуролли тажовуздан сўнг “икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун” деб мукофотлангани ёдимизда. Эндиликда  “Ватанга хизматлари учун” III даражадаги ордени “минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” деб тақдирланмоқда. Тожикистон ҳукумати Марказий Осиё давлатлари халқларининг тинчлиги ва осойишталигини бузаётганда минтақадаги қандай хавфсизлик ҳақида гапириш мумкин», — деган у.

Самади эса қирғиз расмийлари « провокацион баёнотлари билан очко тўпламоқчи», деб тахмин қилган.

«Тожикистонга қарши қуролли тажовуздан сўнг, жумладан, ўзларининг жиноий фаолиятини яшириш мақсадида, Қирғизистон ҳукумати мамлакатимизга қарши кучли ахборот ҳужумини бошлади, бу тасдиқланмаган фактлар ва харом  ёлғонлар билан бирга, ҳозиргача давом этмоқда», — дея якунлади ўз сўзини Тожикистон ТИВ матбуот котиби.

Чегарадаги қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз  қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.