Тожикистон Қирғизистон ТИВ матбуот котибининг танқидидан сўнг элчи Абдилдаевга нота топширди

261

Тожикистон ТИВ 7-октябрь куни Қирғизистон элчиси Эрлан Абдилдаевга норозилик нотасини топширди. Бу ҳақда Тожикистон ташқи сиёсий бошқармаси матбуот хизмати хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, Абдилдаевга нота Қирғизистон ТИВ матбуот котиби Чингиз Кустабаевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Путин томонидан орден билан тақдирлангани ҳақида айтган фикри туфайли берилган.

«Тожикистон томони Қирғизистон ТИВ матбуот котибининг бундай қўпол сўзларини сиёсий маданиятнинг емирилиши ва оддий дипломатик одоб-ахлоқ қоидалари йўқлиги исботи сифатида баҳолайди», — дейилади хабарда.

Тожикистон ТИВ Кустабаевнинг изоҳи «Қирғизистоннинг Тожикистонга қуролли тажовуз қилишининг асл сабаблари тўғрисида жамиятга қасддан ёлғон фикрни сингдиришга бўлган қўпол уриниш» ҳисобланади деб қўшимча қилди.

Аввалроқ Чингиз Кустабаев Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг «минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани» учун мукофотлангани ажабланарли эканини айтган.

«Тожикистон президенти бунгача апрель ойидаги Қирғизистонга қарши қуролли тажовуздан сўнг “икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун” деб мукофотлангани ёдимизда. Эндиликда “Ватанга хизматлари учун” III даражадаги ордени “минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун” деб тақдирланмоқда. Тожикистон ҳукумати Марказий Осиё давлатлари халқларининг тинчлиги ва осойишталигини бузаётганда минтақадаги қандай хавфсизлик ҳақида гапириш мумкин», — деган у.

Шундан сўнг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохин Самади Фейсбук саҳифасида қирғизистонлик ҳамкасбига жавоб қайтарди, Кустабаевнинг баёнотлари «қабул қилиб бўлмайдиган, дипломатик этика тамойилларига тўғри келмайди ва тузатиб бўлмайдиган зарар етказиш хавфи бор»лигини таъкидлаган.

Бироқ матбуот котиби «Тожикистон ТИВ Қирғизистон раҳбариятининг сўзлари билан ҳаракатларига изоҳ бермаслигини, чунки ҳар қандай можарони тинч йўл билан ҳал этиш ниятида эканини» қўшимча қилган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк эти, хавфсиз ҳудудга қочган.

Қуролли тўқнашувда Қирғизистон томондан камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати эса можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлаган.

Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

20-сентябрь куни Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.