Иш жадвали туфайли президент Садир Жапаров Санкт-Петербургдаги МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Эрбол Султанбаев маълум қилди.
«Россия президенти Владимир Путиннинг 70 йиллиги муносабати билан Президент Жапаровнинг табрикларини етказиш учун Қирғизистон томонидан давлат котиби Суюнбек Касмамбетов юборилди», — деб ёзди Султанбаев Фейсбукдаги саҳифасида.
МДҲга аъзо давлатлар президентларининг норасмий саммити 7 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтади. Унда ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин 70 ёшга тўлди.
4 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонни «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражадаги ордени билан тақдирлаган.
Фармонда Раҳмонга мукофот «Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун» берилгани айтилган.
Маълумотга Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустабаев муносабат билдириб, «мукофот айбдорни топди» деб таъкидлаган.
Кустабаев Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар чоғида бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган, оналар қайғуга ботган бир пайтда Раҳмонга бундай мукофот берилгани ажабланарли эканини таъкидлади.
Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев эса Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Путин томонидан ордени билан тақдирланиши ғалати вазият юзага келтирганини айтди.
«Албатта, эшикни қарсиллатиб ёпиб қўйишимиз мумкин, лекин кейин бизда катта муаммо бўлиши мумкин, бунга сабаб Россия билан катта савдо алоқамиз бор ва у ерда кўплаб фуқароларимиз яшайди. Агар эшикларимизни қарсиллатиб ёпмай, яъни муносабат билдирмасак, гўё ҳамма нарсага суқилиб олгандай, бизга бундан кейин шундай масхара қилишда давом этиши мумкин дегандай бўлиб қолади», — деган депутат.
Муаллиф: Бегайим Талантбекова