Бакит Торобаев Боткен вилоятида нефтни қайта ишлаш заводи қуришни таклиф қилди

234

Маҳкама маълумотларига кўра, Торобаев бундай таклифини  6-октябрь куни Лайлак ва Боткен вилоятларини қайта тиклаш масаласини давлат корхоналари ва давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари раҳбарлари билан муҳокама қилиш чоғида киритди.

Мулозим вилоятни тиклаш учун биринчи навбатда саноат корхоналарини қуриш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш имконини беради.

«Устувор йўналишлар қатори цемент, шиша ишлаб чиқариш ва бентонит лойни қайта ишлаш линияларини ишга туширишдан иборат. Давлат сиёсати аҳолини сиртга  кетмасдан, уйида, Боткен вилоятида ишлашига  қаратилган», — дея тушунтирди Торобаев Лайлак туманида нефтни қайта ишлаш заводи қуриш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилаётиб.

Вазирлар маҳкамасининг сўзларига кўра, ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарини йўлга қўйиш таклифини «Қирғизолтин», «Қирғизсувлойиҳаси» ва «Қирғизкўмир» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ҳам таклиф қилган.

Торобаев давлат банклари ва тараққиёт жамғармалари Боткен вилоятида тадбиркорлик муҳитини тиклашга ёрдам беришга тайёр эканини айтиб, лойиҳаларни молиялаштиришга киришганликларини қўшимча қилди.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Отишма оқибатида Қирғизистон томондан камида 62 киши ҳалок бўлиб, 198 нафари жароҳат олган.

Тожикистон ҳукумати тўқнашувда 41 тожикистонлик ҳалок бўлганини, 20дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлади.

Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган. Дастлабки олинган маълумотларга кўра, чегарадаги қуролли можародан Қирғизистонга етказилган моддий зарар 1,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда ноқонуний тарзда биринчи бўлиб  ҳужум қилган ҳаракатларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовузкорлик деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни  айблади. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида президент Садир Жапаровга жавоб қайтариб, «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлди» деган.