«Клооп»нинг Ўзгандаги жонли эфирлари журналистнинг ижтимоий тармоғига ҳужум ортидан ўчирилган

253

«Клооп»нинг 4-октябрда Ўзгандаги Кампиробод бўйича йиғиндан эонли эфирлари ва видеоси нашрнинг воқеа жойида юрган журналистнинг фейсбук саҳифасига ҳужум қилиниб ўчирилгани аниқланди.

Жонли эфирда аҳоли Кампиробод сув омбори масаласи бўйича норозиликларини айтган эди.

«Клооп»нинг ходимлари улар ишлаётган вақтда номаълум шахслар уларнинг ортидан юриб,  ким экани ҳақида саволларни беришганини таъкидлашди.

Худди шундай воқеа «Т-Медиа» телерадиокомпаниясининг фейсбук саҳифасида ҳам қайд этилган. Улар ҳам Ўзгандан жонли эфир олиб борган журналистнинг  шахсий саҳифасига ҳужум бўлганини билдиришган.

4-октябрда Ўзган туман администрациясида Кампирободга алоқадор ёпиқ йиғин ўтган, унга президент Садир Жапаров бошлаган ҳукумат вакиллари ва депутатлар қатнашган.

Йиғилишга йиғилганларнинг деярли ярмидан кўпи ва журналистлар киритилмаган – буни бинонинг торлиги билан изоҳлаб, улар иккинчи босқичда қабул қилинишини айтишган. Шунингдек, йиғилишда қатнашганларнинг телефонлари бинога кираверишда олинган.

Кампиробод бўйича йиғинга кирмай қолган турғунлар президент Садир Жапаров ва у билан бирга келган ҳукумат вакиллари «кўчага чиқсин» деб талаб қилишган. Бироқ уларнинг талаби бажарилмаган. Шундан сўнг, ташқарида қолган одамларни йиғилишга чақиришган, бироқ баъзи маҳаллий аҳоли ҳам бинога киришдан бош тортган.