Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путин томонидан «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражадаги ордени билан тақдирлангани бўйича ўз фикрини билдирди. Халқ вакили фикри билан Телеграм каналида ўртоқлашди.
«Путин Раҳмонни минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшди деб тақдирлаганидан кейин, бизда ғалати вазият юзага келди. Энди бунга қандай қараш керак? Албатта, биз эшикни қарсиллатиб ёпиб қўйсак бўлади, лекин кейин бизда катта муаммо бўлиши эҳтимол, чунки Россия билан товар айланмамиз катта ва у ерда кўплаб фуқароларимиз яшайди. Агар биз эшикларимизни қарсиллатиб ёпмасдан, яъни муносабат билдирмасак, гўё ҳамма нарсага суқилиб киргандай, ҳамма нарса бизга ёқди, бизни бундан кейин ҳам шундай камситишда давом этишингиз мумкин дегандай бўлади», — деди депутат.
Бекешев давлат президенти Садир Жапаров ташқи сиёсат билан шуғуллангани учун қийин аҳволга тушиб қолган.
«Президент [Садир Жапаров] қандай реакция қилишини кутайли. Бу ерда маслаҳат бериш жуда осон, лекин шахсий жавобгарлик президентнинг ўз елкасида», — дея сўзини якунлади халқ вакили.
Президент маъмурияти Раҳмонни мукофотлаш борасидаги президент Жапаровнинг позицияси қандай эканлиги бўйича «Клооп»га изоҳ беришдан бош тортди.
Россия президенти Владимир Путин Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонни «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражали ордени билан тақдирлаганини 4-октябрь куни Кремлдан билдиришди.
Фармонда Раҳмонга мукофотни «Россия билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун» тақдирлангани айтилади.
Бу вақтда 4-октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) раҳбари Станислав Засни қабул қилган.
Жапаров унга яқинда қирғиз-тожик чегарасида қуролли можаро бўлганини эслатди.
«Тожикистон томонининг бундай ноқонуний ва бузғунчи ҳаракатлари бутун ташкилотимиз обрўсига путур етказади. Қирғизистон фуқаролик жамияти ташкилот ичида қуролли тўқнашувлар содир бўлган тақдирда қандай жамоавий хавфсизлик муҳокама қилиниши мумкинлиги ҳақидаги савол ўринли эканини айтади. Аъзо давлатлар билан зиддиятлар бўлмоқда», —дейди Акилбек Жапаров.
22-сентябрь куни эса Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов қирғиз-тожик чегарасидаги можаро туфайли Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти низомини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишини айтди.
«Агар кимдир муаммони куч билан ҳал қилишга уринса, унда уни ташкилотдан четлаштиришни тавсия қиламиз. КХШТга аъзо бўлиш орқали ташқи таҳдидлардан ҳимояланишни кутар эканмиз, ташкилот ичида зиддиятга дуч келсак, бунинг нима кераги бор? Мамлакатларимиз аъзо давлатлар бир-бирига қарши куч ишлатиши мумкин бўлган жойларни олиб ташлаш учун КХШТ низомининг айрим қисмларини қайта кўриб чиқиш вақти келди», — деган Иманкулов.
КХШТга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Беларус ва Россия киради. Ташкилотнинг асосий мақсади «тинчлик, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жамоавий асосда ҳимоя қилиш»дир.
Шу билан бирга, Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги битимда агар ташкилот аъзолари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлган тақдирда қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида механизм мавжуд эмас.
Масалан, 2021-йил апрель ва 2022-йил сентябрь ойларида Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида иккита қуролли тўқнашув бўлганида КХШТ ҳеч қандай аниқ чора кўрмади, фақат ўқ отишни тўхтатиш ва музокаралар олиб боришга чақирган.
КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи Анатолий Сидоров Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги битимда низоларни сиёсий-дипломатик усуллар билан ҳал этишга устувор аҳамият берилганини таъкидлаган.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув
14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Можарода Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20-сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 59 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.Тожикистон ТИВнинг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувда 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
Қирғизистон расмийлари воқеани босқинчилик ҳаракати ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб, можарони авж олишида Қирғизистонни айбламоқда.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 км бўлиб, шундан атиги 600 километри келишилган.
Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда ноқонуний тарзда биринчи бўлиб ҳужум қилган ҳаракатларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.