Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжалдан кейин Баткен ва Ўш вилоятини қайта тиклаш, ривожлантириш бўйича комиссиянинг бирин йиғилишини ўтказди.
Йиғилишда у чегара жанжалида уйи бузилиб, капитал таъмирга муҳтож фуқароларга икки босқич билан 300 минг сомдан берилишини айтди.
Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Баткендаги бузилган уйларни совуқ тушгунга қадар қайта тиклаш учун махсус техника ва мутахассислар жўнатилганини таъкидлади.
«Уйлари зарар кўрган, аммо капитал таъмирга муҳтож уйлар рўйхатига кирмай қолган фуқароларга 100 минг сомдан моддий ёрдам кўрсатилади», — деди у.
Жапаров Энергетика вазирлигига зарар кўрган оилаларни узлуксиз электр энергияси ва бепул кўмир билан таъминлаш топшириғини берди.
Вазирлар маҳкамасининг етакчиси қирғиз-тожик чегарасидаги 200 километр баҳсли ҳудудни ҳал қилиш учун барча куч-ҳаракатни сарфлаймиз деб таъкидлади. Шунингдек у қирғиз-ўзбек чегара масаласи тинчлик йўли билан ҳал қилинганини қўшимча қилди.
26-сентябрда Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг ҳукумат делегациялари чегарани делимитациялаш ҳамда демаркациялаш бўйича бирлашган протоколга қўл қўйган. Ҳужжат чегеранинг айрим участкалари бўйича янги келишувнинг лойиҳасини келишиш жараёнини бошлашга имконият беради.
Чегарадаги қуролли можаро
14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.
Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.
Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.
Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.