Акилбек Жапаров: Боткендаги чегарачилар 76 минг сомгача маош ола бошлайди

268

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров Боткен вилоятидаги иш сафари чоғида 1-октябрдан чегарачиларнинг маоши оширилишини маълум қилди. Аввалроқ президент ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маошларига қўшимча тўловларни ошириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Жапаров билан учрашувда маҳаллий аҳолидан бири қирғиз-тожик чегарасида ишлаётган чегарачиларнинг маоши пастлигини айтди.

«Бу йигитлар 15 минг сом маош олади. Энди бу ҳарбийлар учун [яхши]ми? [...] Мана қанчаси ўлди. Бу йигитларга раҳмат! Жуда ҳам оз бола [чегарадан] тожикларни чиқармай турди», — деди маҳаллий аҳолидан бири.

Жапаров бунга ҳукумат 1-октябрдан ҳарбий хизматчилар, жумладан, чегарачиларнинг маошларини оширишини эслатди. Унга кўра, шартнома асосида ишлаётган сержант 16 минг сом олган бўлса, эндиликда 38 минг сомдан ола бошлайди.

«Бироқ Лайлак ва Боткенда хизмат қилганларга икки коэффициент қўямиз. Шунда  мана шу икки туманда хизмат қилганлар 76 минг сомдан ола бошлайди», — деди Жапаров.

Президент Садир Жапаров  ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ойлик маошларини ошириш тўғрисидаги фармонни 14—17-сентябрь кунлари Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли можародан сўнг имзолади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.  Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманауловга кўра, ҳалок бўлганларнинг 40 га яқини - ҳарбийлардир.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.

Биринчи саҳифадаги сурат архив: Жениш Айдаров / RFE/RL.