Қирғизистон расмийлари урушдан қочган россияликларни топшириш ёки бермаслик ҳақида айтмаяпти

258

Мамлакатдаги биронта ҳам давлат органи  сафарбарликдан қочган россиялик фуқароларни  Россия ҳукумати экстрадиция қилишни сўраса, топширадими ёки йўқми деб сўраган «Клооп» мухбирига аниқ жавоб бера олмади.

Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати ушбу саволни бошқа давлат идораларига юборишни сўради. ТИВ матбуот хизмати мухбиримизга бу саволга жавоб беришга ваколатлари йўқлигини айтиб, Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат рўйхатидан ўтказиш хизматига мурожаат қилишни сўради. Ушбу муассаса матбуот хизмати фақат МКК ваколатига фуқароларни рўйхатга олиш киришини айтди.

ИИВ эса худди ТИВ каби, бундай саволларга жавоб бериш «уларнинг ваколатига кирмаслигини» таъкидлади. ТИВга яна мурожаат қилганида, муассаса журналистдан Бош прокуратурага мурожаат қилишни сўраган. Мақола чоп этилишидан олдин «Клооп»га Бош прокуратурадан жавоб келмаган.

Россия-Қозоғистон чегарасида автомобиллар навбати. Сурат: m.zerkalo.az

Аввалроқ Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов Қозоғистон ҳукумати Россия Федерациясидаги қисман сафарбарликдан қочган россияликларни топширмаслигини маълум қилганди. У  Россия билан Қозоғистон ўртасида фақат маҳкумларни алмашиш ва жиноятчиларни экстрадиция қилиш бўйича келишув мавжудлигини эслатиб ўтган. Ахметжанов  агар халқаро қидирув эълон қилинмаса, экстрадиция сафарбарликдан қочган россияликлар билан боғлиқ бўлмаслиги кераклигини қўшимча қилган.

«Ҳарбий комиссарликлар қидирув  ўтказган тақдирда ҳам, бу уларнинг ўтказилиши учун қонуний асос бўла олмайди», — деган Қозоғистон ИИВ раҳбари.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги «фуқароларини мажбуран қайтариш бўйича Қозоғистон ва бошқа давлатларга ўз ҳеч қандай мурожаат юбормаган, бундай нарса тайёрланмаган ва режалаштирилмаган»лигини маълум қилган.

Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаганига ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди. Россия Херсон, Луганск вилоятларини, Запорожск ва Харьков вилоятларининг бир қисмини босиб олди. Бироқ, ҳудудларни босиб олиш урушнинг дастлабки уч ойида бўлиб ўтди, шундан сўнг украиналиклар ҳужумни тўхтатдилар,  Харьков вилоятининг катта қисми устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлишди.

Пентагон маълумотларига кўра, август ойи бошида Россия ҳалок бўлган ва жароҳатланганларни қўшиб 70-80 минг кишини йўқотган.  Украина қуролли кучларининг 28-сентябрь ҳолатига кўра, уларнинг сони,  ҳалок бўлганларни қўшганда 58 мингдан ошган.

Россия бу рақамни анча кичикроқ демоқда. 21-сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия томонининг йўқотишлари бор-йўғи 5 937 кишини ташкил этганини маълум қилди. Бироқ, «Медиазона»  нашри ва ББC рус хизмати журналистлари 25-сентябрь куни ҳалок бўлганлар сони камида 6756 кишини ташкил қилганини аниқлади.

21 сентябрь куни Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинди. Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматга фақат захирада бўлган, қуролли кучларда хизмат қилаётган россияликлар чақирилади. Ҳукумат захирадаги 300 мингга яқин киши қисман сафарбарликка чақирилишини маълум қилди. Бироқ, Meduza нашрининг ёзишича, Россия 1,2 миллион кишини сафарбар қилмоқчи. Бироқ, Россия ҳукумати бу режани инкор қилмоқда.

«Қисман сафарбарлик» Россиядан фуқароларнинг  оммавий чиқиб кетишига туртки бўлди. Асосий йўналишлардан бири Қозоғистон эди. Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, 21-сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатга 98 минг Россия фуқароси кирган.

Қирғизистонда эса охирги саккиз ойда 170 мингга яқин россиялик рўйхатга олинган. Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан бери, Рақамли вазирлик маълумотларига кўра, Қирғизистонда 3 526 киши яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган. Шу билан бирга, мамлакатда уй-жой ижараси кескин ошди, баъзи меҳмонхоналарда жой деярли тугаб қолди.