Ташиев: Қуролли тўқнашув Қирғизистон ҳудудидагина бўлган

274

МХДҚ Қамчибек Ташиев 26 сентябрь куни журналистларга қирғиз-тожик чегарасидаги воқеалар ҳақида интервю берди. Унда у  14-17 сентябрдаги қуролли можаро фақат Қирғизистон ҳудудида содир бўлганини таъкидлади.

«Бу можаро бизнинг минтақамизда содир бўлди. Биз бошқа давлат ҳудудига кирмадик. Кириш ниятимиз йўқ. Биз ҳимояланганмиз. Чегарани кесиб ўтиб, ҳудудимизни босиб олишга уринганлардан ўз имкониятларимиз билан ҳимояландик [...] Тегишли адвокатлар бор, ташкилотлар бор, улар ўз қарорини қабул қилиб, ким босқинчи бўлганини айтади», — деди МХДҚ  бошлиғи.

Шунингдек, у қуролли тўқнашувда Тожикистон томонидан «турли номаълум шахслар» иштирок этганини таъкидлади.

«Биз қўшни давлатнинг одатдаги чегара хизмати билан жанжаллашганимиз йўқ. Биз бошқа бир одамлар билан ҳам жанг қилдик. Мен ҳозир  уларни нима деб аташни билмайман, балки жангарилар дейишимиз керакдир... Лекин улар аскарларимиз билан жуда шафқатсиз муносабатда бўлишди. Биз томондан эса тўқнашувда фақат аскарлар қатнашган», — деди у.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини «тажовузкорлик» ва «ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можародан жабр кўрган Қирғизистон фуқаролари сони 198 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, қуролли тўқнашувда 62 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.