Халқнинг барча талаблари бажарилди - Ташиев қирғиз-тожик чегарасидаги №42 протокол ҳақида

295

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев 26 сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида имзоланган №42 протокол ҳақида гапирди.

У тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов иккаласи имзолаган №42 протокол можаронинг «олдини олиш»га қаратилганини таъкидлади.

«Биз чегарани белгилаш, , бу қайси томонда бўлиши кераклиги тўғрисида протокол имзолаганимиз йўқ», - дея таъкидлади Ташиев.

№42 протоколга кўра, томонлар келгусида можароларнинг олдини олиш мақсадида биттадан чегара заставаси ва учта чегара постини консервация қилишга қарор қилишди. Қирғизистон томонидан: «Тамдик» заставаси ва  «Булоқбоши», «Катта-Туз» ва  «Дача» постлари. Тожик томондан: «Бедак» заставаси ва «Кех», «Каракчикум» ва  «Шаршара» постлари.

Консервацияланадиган чегара  постлари. Сурат: AKIpress.

«Биз можаронинг келиб чиқиш [сабабини йўқ] қилмоқчимиз. Мутахассисларимиз текшириб кўришди, постлар можарога сабаб бўлганини айтишди. Шу боис, кейинги низоларга йўл қўймаслик учун биз бу постларни вақтинча эгаллаб оламиз, қаерда ва қандай постлар жойлаштирилишини [делимитация ва демаркация бўйича давлат комиссияси] ҳал қилади», — деди Ташиев ушбу постларнинг шахсий таркиби олиб ташланаётганини қўшимча қилиб.

Шу билан бирга Sputnik.kg нашри томонидан эълон қилинган протокол суратида постлар вақтинчалик консервацияланиши айтилмаган.

«Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида делимитация ва демаркация жараёнлари тўлиқ якунланмагунча томонлар фуқароларига ер участкаларини (яшил ҳудудларни) ўзлаштириш, коммуникацияларни демонтаж қилиш, қуриш ва ўтказишга рухсат этилмайди», — дейилади ҳужжатда.

Ташиевнинг бу постларни консервация қилиниши улар яқинида ҳеч ким яшамагани учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги керак деб билдирди.

«Биз томондан “Тамдик”, “Катта-Туз”, “Булоқбоши” атрофида одамлар яшамайди. [...] Яна бир бор такрор айтаман, [протоколга кўра] қирғиз халқимиздан бир сантиметр ҳам ерни олдирмаймиз», — деди МХДҚ раҳбари.

У мазкур постлар яқинида куну тун  видеокузатув камералари ўрнатилишини билдирди. Бундан ташқари, унга кўра, протоколнинг яна бир бандига кўра, оғир ҳарбий техникалар чегарадан олиб кетилади.

«Ушбу протокол асосида фақат чегарачилар фойдаланадиган техникалар қолиши керак. Оғир техника, танклар, пушкалар ва ҳоказолар чегарага яқин бўлмаслиги керак ва узоқда туриши зарур», - деди Ташиев. Шунингдек, МХДҚ раҳбари имзоланган протоколни танқид қилганларга  мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра,  ҳужжатни имзолашдан олдин чегара яқинидаги Оқ-Сай қишлоғи аҳолиси билан гаплашган, улар ундан фақат битта муаммони ҳал қилишни сўраган – Тожикистоннинг «Бедак» чегара постини олиб кетишни сўраган.

«Биз халқнинг барча талабларини бажардик. Билмаган ҳолда  ёлғон маълумотларни тарқатиб, Бишкекдами ёки узоқроқда ўтириб  олиб қандайдир бир постларни чиқариб, “ҳаммасини очиб берди, шундай қилиб киради, ҳаммасини олдириб қўямиз”, деб постлар қўйганларга яна мурожаат қилмоқчиман. Умид қиламизки, Қирғизистоннинг бир сантиметрини ҳам олдирмаймиз. Бизга, мамлакатимизга тинчлик керак. Бизга можаролар, урушлар, отишмалар керак эмас. Биз шу йўналишда ўз ишимизни олиб бордик ва шу йўналишдаги фаолиятимизни давом эттирамиз», —деди у.

Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов. Сурат: ҚР Чегара хизмати.

Ташиевнинг сўзларига кўра, томонлар имзолаган протокол ижросини ҳар икки томоннинг махсус комиссияси назорат қилади. У Қирғизистон ва Тожикистон мазкур ҳужжатнинг амалга оширилишидан манфаатдор эканини таъкидлади.Шу билан бирга, Ташиев чегарада бундан буён можаролар бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини таъкидлади. У Қирғизистон протоколнинг барча бандларини бажаради ва Тожикистон томондан буни талаб қилишини қўшимча қилди.

«Бундан буён ҳеч ким жанжаллашишни хоҳламайди», - дея хулоса қилди у.

«Бу тажовуз»

МХДҚ раҳбари 14-17 сентябрдаги қуролли можаро ҳақидаги позициясини яна бир бор таъкидлади. Унда 62 Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган. Унинг сўзларига кўра, ўлганлар рўйхати марҳумлар дафн этилганидан сўнг ошкор  қилинади.

Ташиев чегарадаги можарони «Қирғизистонга қарши қасддан қилинган тажовуз» деб атади. У чегарага 15 жойдан ҳужум қилинганини билдирди. Бу, унинг сўзларига кўра, «ҳужум режаланганини исботлайди».

«Биз чегарамизни кесиб ўтиб, ҳудудимизни босиб олмоқчи бўлганлардан ўзимизни ҳимоя қилдик. Аммо буни уддалай олмадилар [...] Агрессор [бу ерда] ким бўлганини айта оладиган халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқшунослар бор», — деди у.Ташиев можаро Қирғизистон ҳудудида бўлганини, бирорта ҳам қирғиз чегарачиси чегарадан ўтмаганини таъкидлади. «Биз [Тожикистон] чегара хизмати ёки армия билан [жанг қилмадик], бошқа бегоналар билан [жанг қилдик]. Уларнинг кимлигини айта олмайман, аммо жангарилар дейишимиз мумкин. Улар чегарачиларимизга шафқатсиз муносабатда бўлишди. Биз томондан бу можарода фақат чегарачилар қатнашган», — деди у.

Чегарадаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Можарода Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган. Тожикистон ТИВнинг расмий маълумотига кўра, можаро чоғида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Чегарадаги қуролли можародан Қирғизистонга етказилган моддий зарар 1,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Қирғизистон ТИВ 18 сентябрь куни чегарадаги можарони Тожикистоннинг Қирғизистонга қарши олдиндан режалаштирилган қуролли агрессияси деб атади.

Тожикистон томони эса бунда Қирғизистонни айблади.