Равшан Сабиров мамлакат раҳбариятига соя солмоқчи эмаслиги учун истеъфога чиққанини айтди

272

Равшанбек Сабиров Президент ҳузуридаги Инвестициялар бўйича миллий агентлик директорлигидан истеъфога чиқишига «ижтимоий тармоқларда кўпайган танқидлар» сабаб бўлганини айтди.

Бир кун аввал, 26 сентябрь куни президент Инвестициялар бўйича миллий агентлик раҳбарини ишдан бўшатгани маълум эди. Сабиров ўрнига Умбриэл Темиралиев тайинланди. Бунгача у инвестициялар бўйича вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Президент маъмуриятидан Равшанбек Сабиров лавозимидан ўз хоҳишига кўра тарк этгани хабар қилинганди.

«Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда танқидлар кўпайди. Мен туфайли мамлакат раҳбариятига соя солиб қолинишини хоҳламадим. Шунинг учун ўз ихтиёрим билан истеъфога чиқишга қарор қилдим», — деди Сабиров «Азаттык»қа истеъфога чиқиш сабабини тушунтириб.

У ўзининг истеъфоси қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаро билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади, бироқ у қандай танқид ҳақида гапираётганини айтмади.

Равшанбек Собиров Инвестициялар миллий агентлиги раҳбари бўлиб 2022-йил 11-мартдан иш бошлаган. Бунгача у президент маслаҳатчиси ва «Ата Журт –  Қирғизистон» фракцияси депутати бўлган.

Миллий агентлик ягона давлат инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлади. Шунингдек, агентлик хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.