Боткендаги «Достук» чегара постида хизмат қилган лейтенант Дастан Анарбеков 16-сентябрдан бери бедарак йўқолган. Унинг онаси Сауле Иманалиева MediaHub нашрига интервью бериб, расмийлардан ўғлини топишда ёрдам сўради.
Иманалиеванинг айтишича, ўғли Дастан Талас вилоятининг Аманбаев қишлоғида туғилиб ўсган. Мактабни муваффақиятли тамомлаб, жорий йилнинг июль ойида Боткен вилоятига ҳарбий хизматни ўташ учун кетган.
У онаси билан қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувнинг биринчи кунидаёқ боғланиб, «ҳаммаси жойида»лигини айтган.
«Боткенга Тожикистон томони ҳужум қилганида 14-куни қўнғироқ қилдим, “онажон, биз тинчмиз, узоқдамиз, хавотир олманг” деди. Кейин 15-сентябрь куни кескинлашаётганини эшитиб, қўнғироқ қилсам олмади. Кейин соат 15 дан кейин ўзи телефон қилди. “Онажон, бандмиз, биз томонга Ташиев келяпти, кутяпмиз”, деди. Тинч бўлсангиз бўлди дедим. Кейин кечаси соат ўнларда қўнғироқ қилиб, яна гаплашдик», - дейди у.
16-сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида вазият кескинлашганида Иманалиева ўғлига қўнғироқ қилган, бироқ боғлана олмади — аскарнинг телефони ўчирилган.
«Ўша кундан бошлаб ҳар соат сайин, ҳар ярим соатда, ҳар 15 дақиқада қўнғироқ қила бошладим. Мен умуман алоқа қилолмадим», - деб йиғлайди она.
17 сентябрь куни эса Аманбаев қишлоқ ҳукуматидан келиб, «аскар вафот этди» деган хабарни эшитди. Бироқ унинг жасади етиб келмаган, унинг исми ўлганлар рўйхатида ҳам қайд этилмаган.
Оқибатда Анарбековнинг отаси бир кундан кейин ўғлини излаш учун Боткенга борди. Уни миналар бор деган хавф билан ўғли ишлаётган заставага киритишмаган.
«Кейин “болангиз” деб куйган зирхини беришди. ДНК топширинг дебди. Отаси қайта Бишкекка келиб, ДНКсини топширди. Натижалари бир ой ичида чиқар экан», — деди у.
Аммо аскарнинг онаси ўғлининг тириклигига умид қилмоқда. У «балки асирга тушиб қолган ёки яраланган бўлиши мумкин» деб тахмин қилиб, расмийлардан уни топишга ёрдам беришни сўради.
«Мен президент Садир Жапаровга, МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевга ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман. Илтимос, ўғлимни топишга ёрдам беринг! Тожикистонга сўров хати юбораман [унинг асирликда эканлигини аниқлаш учун] ёрдам сўрайман», — деди Иманалиева.
Қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият кескинлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини “тажовузкорлик” ва “ҳарбий ҳужум”да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можародан жабр кўрган Қирғизистон фуқаролари сони 198 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, қуролли тўқнашувда 62 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.