Мусиқачи Викрам Рузахунов терговда қатнашиш учун Қозоғистонга борди

293

Қирғизистонлик жазмен Викрам Рузахунов 2022-йил январь ойида Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида қийноқлар қўлланилганлиги бўйича терговда иштирок этиш учун Қозоғистонга борди. Бу ҳақда мусиқачи Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

Рузахунов Олмаота вилоятига адвокати Батибек Автандил билан Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати таклифига биноан келганини айтди.

«Менга нисбатан қийноқлар бўйича жиноий иш 2022-йил 10-февралда қўзғатилган ва шундан бери қийноқларга алоқадорлар топилмаяпти экан. 8 ой ичида расмийлар бирорта ҳам холис текширув ўтказмади. Улар ҳатто қийноққа учраганлар томонидан аниқланган куч органлари  ходимларини ҳам гумонланувчи сифатида топа олмаяптилар, қийноқлар далилларини эса жабрланувчилар билан адвокатларга бермасдан йўқ қилмоқдалар», — деб ёзди мусиқачи.

Рузахунов уни «ўлдиришга уринган» полиция департаментининг бошлиғини ва «у қамоқда бўлганида калтаклаб» сўроқ қилганларни жиноий жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисоблайди.

Рузахуновнинг ҳибсга олиниши

Викрам Рузахунов қўлга олингани Қозоғистоннинг «Хабар 24» телеканали видеосидан маълум бўлди. 9 январь куни эфирда калтакланган шахсни кўрсатишиб, у ўзини ишсиз Қирғизистон фуқароси деб таништириб, 200 доллар эвазига тартибсизликларда қатнашганини айтган. Қирғизистонликлар уни таниб, таниқли жазмен Рузахунов эканлигини айтишганидан кейин 10 январь куни ватанига қайтарилган.

Бир ой ўтгач, мусиқачи ҳибсга олинганида уни қийноққа солинганини, қовурғалари синганини ва видеога ёзилган сўзларни ёдлашга мажбур бўлганини айтган.

«Ҳибсга олинган юзлаб одамлар орасидан мени танлаб, сўзларни ёд олдириб ва камерага гапиришга мажбур қилган инсонга раҳмат айтаман», — деди у.